Қўзиқоринлардан заҳарланишдан сақланинг!

Баҳор фасли бошланиши, кунлар исиши, ёғингарчиликларнинг кўпайиши муносабати билан қир-адирларда, боғлар, кенг яйловлар, катта магистрал йўллар ёқасида, қабристонлар ва ариқ бўйларида турли замбуруғларнинг ўсиши кузатилади. Замбуруғларнинг 100000дан ортиқ турлари аниқланган бўлиб, мамлакатимизда 200 га яқин ботаник турларининг ўсиши аниқланган. Замбуруғлар бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб, уларни фарқлаш қийин. Мамлакатимизда ўсувчи замбуруғларнинг 20-25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади ва улар «Қўзиқорин»деб аталади, қолган турлари эса, таркибида турли табиий заҳарли моддалар тутганлиги сабабли «Заҳарли замбуруғ»лар ҳисобланади.
Ўтмишда заҳарли замбуруғлар халқ орасида «Қурбақа салласи» деб номланган ва уларни истеъмол қилишмаган. Афсуски, бугунги кунда қўзиқоринлар ва замбуруғларнинг ташқи кўриниши бир-бирига ўхшаш бўлиб уларнинг заҳарли турларини ажратишга ҳамманинг ҳам билими етишмайди. Энг кўп учрайдиган заҳарли замбуруғларга: «Оқ паганка», «Қизил мухамор», «Кулранг мухамор», «Сатанин замбуруғи», «Сариқ сохта замбуруғ» ва бошқа турлари киради.
Катта магистрал йўл ёқаларида, заҳарли кимёвий моддалар ишлаб чиқарувчи корхоналар атрофида, ариқ бўйларида ўсувчи қўзиқоринлар ҳам атмосфера ҳавосидаги, сув ва тупроқ таркибидаги заҳарли моддаларни ўзига сингдириши натижасида заҳарли қўзиқоринларга айланиши мумкин.
Бундан ташқари, замбуруғларнинг истеъмол қилса бўладиган турлари ва истеъмолга яроқсиз, заҳарли турлар ўз тузилиши ва шаклига кўра бир-бирига жуда ўхшаш бўлганлиги сабабли, баъзи ҳолларда ушбу соҳа бўйича мутахассис бўлган одам ҳам уларни фарқлай олмаслиги мумкин. Янги узилган қўзиқоринлар тез бузилади, уларни бир суткадан ошиқ сақлаш мумкин эмас.
Қўзиқоринлардан заҳарланишлар одатда март, апрель ва май ойларида кузатилади.
Заҳарланиш аломатлари истеъмол қилинган қўзиқорин турига қараб турлича намоён бўлади. Касаллик белгилари замбуруғларни истеъмол қилгандан сўнг 1-2 соат ўтгач намоён бўла бошлайди. Дастлаб, кўнгли айниб, тез-тез қайт қилиш, ошқозон-ичак фаолияти бузилиб, қоринда оғриқ пайдо бўлади, аъзойи-бадан бўшашади, организмга тушган заҳарли моддалар жигар, буйрак, меъда ости бези ва марказий асаб тизими аъзоларини қаттиқ шикастлайди. Сўлак оқиш, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши кузатилади, томир уришининг сусайиши, алаҳсираш (галлюцинация) титраш, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши каби белгилар кузатилади.
Шунинг учун юқоридаги каби ҳолатлар қайд қилинганда зудликда яшаш жойидаги яқин бўлган шифохоналарга мурожаат қилинса мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундай ҳолларда беморга ўз вақтида тезда тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кунда соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган тақдирда беморнинг аҳволи оғирлашиб, ўлим билан тугаши мумкин.
Заҳарланишлардан сақланиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
-турли кўча, магистрал йўл ёқаларида, ҳатто бозорлардаги белгиланмаган жойларда сотилаётган қўзиқоринларни харид қилманг;
-кимёвий моддалар ишлаб чиқарувчи корхоналар атрофида, қабристонлар ҳудудида, ариқ бўйлари, магистрал йўлларида ўсган қўзиқоринларни териб истеъмол қилманг;
-қўзиқоринларни белгиланган жойларда сифатига эътибор берган ҳолда, эскирмаган, эзилмаган, шунингдек, бозорларда мавжуд лаборатория текширувидан ўтказилганлиги тўғрисида маълумот бўлган тақдирдагина харид қилиш мумкинлигини унутманг!
-Болаларга замбуруғ теришни, истеъмол қилишни тақиқланг ва уларга бунинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтиринг.
-Заҳарланиш келиб чиқишга кўпинча мол боқишга ёки дала-даштга сайрга чиқган болаларнинг замбуруғларни териб, пишириб ейиши сабаб бўлади. Шунинг учун болалар ўртасида тушунтириш ишлари олиб боринг ва уларни назоратсиз қолдирманг, соғлигига эътиборсиз бўлманг. Бу билан сиз ўзингиз ва яқинларингизни заҳарланишдан сақлаган бўласиз.
Г. КАРИМҚУЛОВА,
СЭО ва ЖС Қумқўрғон туман бўлими санитария-гигиена бўлими мудири