Финалда ғолиб аниқланди

Тумандаги 80-сонли умумий ўрта таълим мактабидаги спорт майдонида умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синфларида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар ўртасида Мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақаси туман босқичи ўтказилди.
Қизиқарли ўйинларни туман мудофаа ишлари бўлими, МК “Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон ЎСТК, ХТБ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, туман тиббиёт бирлашмаси, туман жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўлими, туман Маданият бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими, 54831 ҳарбий қисм ҳамкорликда амалга оширди. Дастлабки босқич ўйинларида муваффақиятли ўтган 33, 42, 62, 81, 49, 28-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг жамоалари финалда белгиланган шартлар бўйича ўзаро мусобақалашди. Улар Моҳир мерган, Жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, Сафда қўшиқ айтиш, “Темур тузуклари” билимдонини аниқлаш каби топшириқларни бажарди.
Ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг тўплаган балларини ҳисоблаб якуний хулосаларини маълум қилди. Шунга кўра, 28-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб вилоят босқичига чиқди. 49-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари фахрли иккинчи, 62-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари фахрли учинчи ўринни қўлга киритди. Фахрли ўринларни эгаллаган ватанпарвар ўқувчи-ёшлар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.