Васиятнома қандай расмийлаштирилади?

Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.
Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.
Васиятнома ёзилган жойи, санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.
Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида қайд этади.
Шунингдек, васиятнома матнида васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва доимий прописка қилинган манзили ёзилади.
Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим.
Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.
Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.
Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши, фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиши лозим. Бу ҳақда нотариус васият қилувчидан оғзаки сўрайди ва тасдиқловчи ёзувда кўрсатади. Васиятнома икки гувоҳ ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини ва доимий прописка қилинган манзилни кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқловчи ёзувни ёзиб қўяди.
Махфий васиятнома Тизимда қайд этилиб, васиятномалар турадиган йиғмажилдда сақланади.
Нотариус томонидан васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси нотариал шаҳодатлантирилиши керак.
Нотариус васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза олган тақдирда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига белги қўяди ва Тизимга бу хусусда маълумот киритади. Васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза нотариал идорада юритиладиган битимларни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида йиғмажилдда сақланади.
Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.
Васият қилувчи исталган вақтда васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш ҳақида Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ хоҳлаган нотариал идорага мурожаат этиши мумкин. Бундай ҳолда нотариус васиятномага ўзгартириш киритилганлиги ёки уни бекор қилинганлиги тўғрисида Тизимга маълумот киритади.
Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган васиятноманинг ҳамда уни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўладиган ҳужжатнинг биттадан нусхаси васият қилувчи доимий прописка қилинган жойдаги идоравий нотариал архивга сақлаш учун кечиктирмай юборилиши шарт. Идоравий нотариал архив ходими томонидан шу куннинг ўзида Тизимга ушбу васиятнома ҳақидаги маълумот киритилади.
Нотариус сақлаш учун келиб тушган васиятномани текшириб кўриши ва унинг қонун ҳужжатларига номувофиқлигини аниқлаган тақдирда, бу хусусда васият қилувчига ва васиятномани тасдиқлаган мансабдор шахсга маълум қилиши шарт.
Нотариус васиятномани тасдиқлашда васият қилувчига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1127 ва1142-моддалари мазмунини тушунтириши ва бу ҳақда васиятнома матнида кўрсатиб ўтиши лозим.
Алишер АБДИНАЗАРОВ,
тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус