Тениаринхоз касаллигини йирик, япалоқ, лентасимон гижжа келтириб чиқаради. Ҳўкиз тизмаси иккита организмда, яъни вояга етиш даври одам организмида ва личинка даври қорамол организмида кечади. Одам организмида ҳўкиз тизмаси 15-20 йилгача яшаши мумкин. Ҳўкиз тизмаси одамнинг ингичка ичагида яшайди ва вояга етган ҳўкиз тизмасининг узунлиги 2-12 метргача боради, эни 1-2 см бўлади. Гижжа бошчаси, бўйни ва кўп бўғинли танадан иборат. Бошчасида яхши ривожланган мускулли 4 та сўрғичи бўлиб, улар орқали ингичка ичак деворига ёпишиб олади. Вояга етган бўғимлар танадан узилиб орқа чиқарув йўлидан ташқи муҳитга чиқади. Ҳўкиз тизмасининг узунлиги камаймайди, ўсиш зонасидан янги бўғимлар ўсиб чиқаверади.
Йирик шохли қорамоллар ҳўкиз тизмаси тухумлари билан зарарланган ўт, ем-хашак еганда ёки сувни ичганда зарарланади. Финналар қаерда қон айланиш яхши бўлса ўша ерда жойлашади. Кўпроқ тилда, бўйинда, чайнов мускулларида, юрак, қовурға ости мускулларида яшайди. Гўштда аниқ кўриниб туради. Одам хом, чала пиширилган ёки чала қовурилган финнозли қорамол гўштини истеъмол қилса, унга ҳўкиз тизмаси юқиб қолади. Орадан 2,5-3 ой ўтгач вояга етган ҳўкиз тизмасига айланади.
Ҳўкиз тизмасининг моддалар алмашуви чиқиндилари одам организмини заҳарлайди. Ичакдаги тайёр озуқа моддаларни сўриб олиб, бемор организмида очлик, ташналик, озуқа етишмаслигини келтириб чиқаради. Дастлаб касаллик аломатлари унча сезилмайди, кейинчалик бош оғриғи, бош айланиши, умумий дармонсизлик, тез чарчаш, меҳнат қилиш қобилиятининг пасайиши, сержаҳллик, кўнгил айниш, қайт қилиш, сўлак оқиши, қориндаги оғриқ, қорин дам бўлиши, жиғилдон қайнаши, иштаҳанинг пасайиши ёки иштаҳанинг ҳаддан ташқари очилиши, кам уйқулик, кечқурун нотинч ухлаш ва паришонхотирлик кузатилади. Болалар дарсларни яхши ўзлаштира олмайдилар, уларнинг вазни ва ривожланиши соғлом болалардан анча ортда қолади.
Ҳўкиз тизмаси ҳомиладор аёлларга ва ҳомилага ёмон таъсир қилади, уларда камқонлик, чала туғилиш ва бола ташлаш ҳолатларини келтириб чиқаради. Ҳўкиз тизмаси бўлакчалари баъзан ўрмалаб вагинага ва чувалчангсимон ичакка кириши мумкин. Ҳўкиз тизмасидан сақланиш учун гўштни яхши қайнатиб ёки қовуриб истеъмол қилиш керак. Умуман хом гўшт истеъмол қилмаслик керак.
Ветеринария назоратидан ўтмаган гўштни олмаслик керак. Болаларни ҳожатхоналардан фойдаланишга ўргатиш, уларнинг ташқарига, ҳовлига ҳожат чиқаришларига йўл қўймаслик керак. Чорва моллари билан шуғулланувчилар қорамолга ем-хашак беришда, суғоришда, озуқа ҳозирлашдан олдин ва кейин қўлларини яхшилаб совунлаб ювиш шарт. Чорва ходимлари йилига 1 марта тиббий кўрикдан ўтиб туришлари талаб этилади.
Ташҳис қўйишда ҳўкиз тизмаси бўғинлари ажралиб чиқишини сўраб билиш энг самарали, қулай усул ҳисобланади. Ҳўкиз тизмаси бўғинларини кўрсатиб сўраш мақсадга мувофиқ. Сўраш орқали 80-90 фоизгача беморлар аниқланади.
Юқорида айтилганларга риоя қилсангиз Сиз ўзингизни ҳўкиз тизмаси касаллигидан ҳимоя қилган бўласиз, зеро соғлигингиз ўз қўлингизда!
Т. АЛЛАЯРОВ,
туман СЭО ва ЖСБ паразитология бўлими мудири