Гўзал диёримизга барчамиз соғиниб кутган баҳор нафаси кириб келди. Баҳор тобора кучга кириб, табиат уйғониб бораётган дамда биз баҳор ва аёл сўзларининг нақадар уйғун ва ҳамоҳанг эканини янада чуқур англаймиз. Аёл зоти чиндан ҳам ўз тимсолида гўзаллик ва нафосат, эзгулик ва фидойилик каби олийжаноб инсоний фазилатларни мужассам этганига яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Аёл-борлиқ кўзгуси. Унинг нафис гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи пок. Барчамизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган. Биз меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини азиз оналаримиздан, уларнинг бешигимиз узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан оламиз. Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганимизнинг беқиёс мўъжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаввур эта олмаймиз. Аёл деганда кўз олдимизга энг аввало мўътабар онамиз, қадрли бувижонларимиз, мунис опа-сингилларимиз келади. Уларга қанча эътибор, ғамхўрлик қилсак, қувонтиришга уринсак барибир оздир. Барча аёлларимизни байрам билан муборакбод этиб қоламан. Доим хонадонларингиздан шодлик аримасин. Зулхумор Хидирова,
туман ҳокими ўринбосари, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи