Қумқўрғон туман ҳокими Р Гаппаровнинг 8-март ҳалқаро ҳотин-қизлар байрами муносабати билан йўллаган табриги

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа – сингиллар, дилбар қизларим! Табиат уйғониб, тобора чирой очаётган мана шу шукуҳли айёмда сиз, азизларни, сизлар орқали барча аёлларни 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.
Биз ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллигини биринчи навбатда барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муқаддас она сиймосида, аёл тимсолида кўрамиз, аёл зотини яратганнинг тенгсиз мўъжизаси деб улуғлаймиз. Ҳақиқатдан ҳам, гўзаллик ва нафосат, меҳр-у муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файз-у тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига ўз она юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган аёлларимизнинг бетакрор фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак арзийди.
Барчамизга аёнки, дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллатнинг маънавий камолотини яққол акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин- қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади.
Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.
Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.
Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, албатта.
Мустақил тараққиёт йилларида Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтириш, олдимизда турган эзгу мақсадларга эришиш йўлида бутун халқимиз қатори хотин-қизларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини ҳамиша миннатдорлик билан таъкидлаймиз. Азалдан муҳтарама аёлларимизга хос бўлган меҳнатсеварлик, меҳрибонлик, шукроналик ва орасталик, рўзғорни, умуман, оила ҳаётини оқилона бошқариш фазилатлари энг юксак таҳсинга сазовордир.
Гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрамини биз ҳар сафар катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки бу қутлуғ айём қалбимизда, юрагимизда сизларга бўлган чексиз меҳримиз, ҳурматимизни изҳор этиш учун яна бир катта имконият беради.
Шу маънода, агарки бу байрам бизнинг ҳаётимизда бўлмаган тақдирда ҳам мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизнинг ҳурмати учун бундай байрамни, албатта ташкил этган бўлардик.
Нега деганда, сизларнинг доимо мана шундай очилиб, ҳаётдан, тақдирдан рози бўлиб, яйраб-яшнаб юришингиз учун, сизларнинг бахт-у саодатингиз учун биз доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.
Мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин!
Айни шу дамларда қалбимда, юрагимда сизлар учун доимо сақланиб келаётган чуқур ҳурматимни изҳор этиб, бир фикрни билдирмоқчиман. Аёл зотига, айнан сизларга мансуб гўзал фазилатлар, ҳаётимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби инсоний туйғуларни янада юксалтириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги эзгу интилишларингиз, беқиёс хизматларингиз учун бутун юртдошларимиз, халқимиз номидан барчангизни байрам билан муборакбод этишни ўзимнинг бурчим деб биламан.
Яна ва яна бир бор сизларни баҳор ва нафосат айёми бўлмиш 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклайман. Умрингиз узоқ, ризқ-у насибангиз зиёда бўлсин.