Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти

Жорий йилнинг 20 январида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги ЎРҚ–668-сон Қонун Президенти томонидан имзоланди.

Қонуннинг мақсади маданий фаолият, шунингдек маданият ташкилотлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун билан маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплар ва давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.

Жумладан, Маданият вазирлиги маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъати ривожланишини таъминлайди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги кинематография соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.

Фуқаролар ижодий жамоалар таркибида ёки мустақил равишда, касбий ёки нокасбий (ҳаваскорлик) асосда ижодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир шахс маданий фаолият соҳасида мулк ҳуқуқига эга.

Мулк ҳуқуқи тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган ашёларга, шунингдек моддий маданий мерос объектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳамда унинг ташқарисида концерт-томоша фаолияти Маданият вазирлиги берадиган концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир лицензия асосида жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Ижодий жамоаларнинг ва алоҳида ижрочиларнинг Ўзбекистондаги гастроль фаолияти буюртмачи билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Ижодий буюртма давлат органлари ва ташкилотларининг ижодий жамоалар ёки ижодкорлар томонидан қуйидагиларни яратишга доир буюртмасидан иборатдир:

оммавий ижро этиш учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик, адабий асарларни;

ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат асарларини;

бадиий, рассомлик, кинематографик ва театр асарларини;

Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихини, миллий ва умумжаҳон қадриятларини акс эттирувчи бошқа асарларни.

Маданий фаолият соҳасидаги фаолиятни асосий фаолият тури сифатида амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси маданият ташкилотидир.

Маданият ташкилотлари давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ёки нодавлат маданият ташкилотлари шаклида ташкил этилиши мумкин.

Маданият ташкилотлари маданий фаолиятнинг турларига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

маданий-томоша ташкилотлари;

маданий-маърифий ташкилотлар;

бошқа маданият ташкилотлари.

Театр саҳна асарларини (драма, мусиқали драма, мусиқа, рақс, қўғирчоқ, пантомима, ҳажвий ва ҳазил-мутойиба саҳна асарларини, болалар ва ўсмирлар учун, ёшларбоп, экспериментал ва бошқа асарларни) яратишни, оммавий ижро этишни ва (ёки) оммавий намойиш қилишни амалга оширадиган маданий-томоша ташкилотидир.

Маданият ташкилотлари ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларни ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида ассоциациялар (уюшмалар) шаклида жамоат бирлашмалари ташкил этиши мумкин.

Давлат маданият объектларини ва санъат асарларини оммалаштириш чораларини кўради.

Олис ва бориш қийин бўлган жойларда маданиятни ривожлантириш, маданият ташкилотларининг фаолиятини йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг эстетик эҳтиёжларини қаноатлантириш ва аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ишларга давлат томонидан устувор аҳамият берилади.

Маданий фаолият соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Давлат бюджетининг маблағлари;

маданият ташкилотларининг ўз маблағлари;

халқаро ва хорижий ташкилотларнинг маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг (меценатларнинг) хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

 

Тайёрлади: Д.Худойқулова        Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси