11-Болалар мусиқа ва санъат мактабининг залида туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2018-2020 йилларга имзоланган жамоа шартномасининг 2020 йилда бажарилиши юзасидан йиғилиш ўтказилди. Тадбирда меҳнат жамоаси қатнашди. Ишчи гуруҳи сайланди. Шунга асосан вилоят касаба уюшмаси масъул ташкилотчиси М. Қодирова конференцияга раислик қилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари Г. Қурбонова кун тартибидаги жамоа шартномасига киритилган бандларнинг маъмурият томонидан бажарилиши бўйича маъруза қилди. Мен касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган касаба уюшмалари аъзоларининг 2020 йилдаги меҳнати, соғлиги, манфаатини муҳофаза этишда амалга оширилган ишлари ҳақида маъруза қилдим. Жамоа шартномасидаги бандларнинг 80 фоизи бажарилганлиги, зарарли шароитларда ишлаётган ходимларни сут ва сут маҳсулотлари, гигиеник воситалар билан таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги камчиликларга тўхталди. 2021-2023 йиллардаги жамоа шартномасига киритилган янгиликларни тушунтирди. Ўтган вақтдаги фаолият қониқарли деб топилди.
Иккинчи масалада маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2021-2023 йилларга имзоланган жамоа шартномаси тузишга қарор қилинди. Учинчи масалада 2021-2023 йилларда фаолият юритадиган комиссия сайланди. Барча масалада қарорлар қабул қилинди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш касаба уюшмаси қўмитаси бўлим бошлиғи Д. Тошматова иштирок этди. Юқори мартабали вакил маъруза бўйича ва тиббиёт ходимлари томонидан билдирилган ижтимоий масалалар, шифокорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, обуна, кутубхона фаолияти, спорт ҳақида таклифларга фикр-мулоҳазаларини билдирди. Йиғилиш давомида саволларга жавоблар айтилди.
Д. Шаимқулова,
туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси