ОДАМ САВДОСИ – ИШСИЗЛИК МУАММОСИ

XXI асрнинг жиддий муаммоларидан бири одам савдоси бўлиб қолмоқда. Бу иллатга қарши кураш минтақавий ва халқаро муносабатларга киришни ва барҳам беришни талаб қилаяпти. Ҳозир бу турдаги жиноятчиликларга қарши курашда халқаро ташкилотлар зарур ҳужжатларни имзолаб, амалга оширишга тавсия қилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бир неча халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатларни ишлаб чиққан. Шу ҳужжатлар асосида дунё миқёсида керакли чора-тадбирлар кўрилаяпти. “Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конфенция (1949), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенция (1956), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённома (2000) одам савдосининг турли кўринишларига қарши курашишда дастурий ҳужжатлар вазифасини ўтамоқда.
БМТнинг маълумотига кўра, ҳар йили дунё миқёсида тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдоси иллатининг қурбонига айланмоқда. Шу балонинг оқибатида жабрланаётганларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этаяпти. Дунё миқёсида ҳар йили 600-800 минг нафар аёллар ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб борилиб, сотиб юборилмоқда. Халқаро экспертларнинг маълум қилишича, бу жиноятчиликдан қора қилмиши туфайли даромад топаётган кимсалар туради.
Бундай иллатларнинг домига тушмаслик учун фаросатли бўлиш, очкўзлик қилиб ўзгаларнинг тузоғига тушмаслик керак. Ўзга юртда мўмай пул топаман, деб ўз Ватанидан йироқда, ўзгалар қўлида қийналиб қолмасдан мамлакатимизда ишлагани маъқул. Ўз уйинг ўлан тўшагинг дейишганидек, қадрдон юртимизда аҳолининг фаровонлигини оширишга ғамхўрликдан баҳраманд бўлиш яхши.
У. Абдимуродов,
Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси профилактика инспектори, катта лейтенант