Ҳар йили август ойининг биринчи ўн беш кунлигида юртимиздаги олий ўқув юртларида тест ва ижодий имтиҳонлар якунланиб, абитуриентлар умумий натижаларни кутишаётган бўлса, академик лицей ва бошқа ихтисослаштирилган таълим муассасаларида тест синовлари бошланади.
Синовлар арафасида таълим муассасаларига абитуриентларни осонгина ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб, фирибгарлик йўлини танлаган фуқаролар ҳам борлиги ғоят ачинарлидир. Хусусан, Шеробод туманидаги “Абу Али Ибн Сино” номидаги Жамоат саломатлиги техникуми психология фани ўқитувчиси Қудрат Ўсаров (исм, фамилиялар ўзгартирилган) Ситорани мазкур техникумнинг фармацевтика йўналишига осонгина ўқишга киритиб қўйишга ваъда беради. Бунинг учун унинг Давлат тест марказида ишловчи юқори мансабдаги танишлари ҳам ёрдам беришини билдиради. Бунинг эвазига эса у 2 млн. сўм пул талаб қилади. Техникум ўқитувчиси фирибгарлик йўли билан талаба бўлмиш Ситорадан Ангор тумани тижорат бозоридаги автомашиналар тўхташ жойида 2 млн. сўм пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганлари шу бўлса керак. Энди у қонун олдида жавоб бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг ҳукмига асосан Қ.Ўсаров содир этган қилмишида айбдор деб топилиб, унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Нафс қурбонига айланган ўқитувчи ҳам ишидан айрилиб қолди, ҳам унга судланган деган тамға босилди.
Ишга жойлашиш ёҳуд зудлик билан ишли бўлишни, албатта, бандлиги таъминланмаган киши жуда хоҳлайди. Бу паллада биронта ҳожатбарор киши йўлиқса, берилган таклифларга чув тушиши ҳам ҳеч гап эмас. Мақоламизда ишончли танишлар орқали ишга киритишни ваъда қилган фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракати сўз юритилади.
Қўлингдан келса яхшилик қил, келмаса ёмонлик ҳам қилма дейилган ҳадисларда. Яхшилик-ку майли, аммо одамларни чув тушириш орқасидан даромад топишни касб қилиб олаётганларнинг қилмишлари кишини ўйлантириб қўяди. Ахир сизнинг “уддабурон”лигингиз бошқа бир кишининг зарарига ишламоқда-ку. Нигора ҳам касби бўйича ҳамшира. Кўп вақтдан бери иш излаб юрибди. Танишларининг бир тадбирида у Азиза билан танишиб қолади. Нигоранинг Азиза билан гапи чиқишиб қолади. Гап орасида ишга чиқмоқчи эканлигини, иш излаб юрганини айтиб қолади. Азиза унга Шеробод туман Тиббиёт бирлашмасида яхши таниши борлигини, унга ёрдам қилишини айтиб Нигорани ишонтиради. Эртаси куни Азиза Нигорага қўнғироқ қилиб, таниши билан гаплашганини, туман тиббиёт бирлашмасида тозалик ҳамшираси вазифаси бўшлиги, шу вазифага уни ишга гаплашганлигини айтади. Албатта, хизмат ҳаққини ҳам гап орасида қистириб ўтади. Аввалига Нигора рози бўлади, кейинчалик бу иш ноқонуний эканлигини ўйлаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этади. Шеробод тумани Тиббиёт бирлашмаси навбатчи ҳамшираси Севара таниши Азизадан Нигорани ҳамшира вазифасига ишга киритиш мақсадида 4 млн. сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди ҳар иккала аёлга нисбатан қонуний ҳукм чиқариб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Халқимизда «Обрў мисқоллаб келади, қадоқлаб кетади» деган гап бор. Эл-юрт орасида кишининг обрў-эътибор қозониши осон эмас, уни йўқотиш учун биргина ножўя ҳаракат кифоядир.
У. МАМАТРАИМОВ,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи
Б. АЧИЛДИЕВ,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи