Очиқ иқтисодиёт шароитида давлат бошқарувининг энг муҳим воситаларидан бири турли хил ва тезкор ахборотларнинг мавжудлиги, ягона ахборот маконининг энг муҳим элементи эса ишончли ва долзарб давлат статистикасидир.
Ўзбекистоннинг замонавий статистикаси – бу шунчаки ташкилотлардан олинган давлат статистика ҳисоботи маълумотларини оддий жамлаш учун “машина” эмас, балки халқаро методология асосида катта миқдордаги статистик ва таҳлилий ҳисоб-китоблар ва баҳолашлардир.
Статистик жадваллар ва таҳлилий материалларни тайёрлаш учун, ҳозирги вақтда турли манбалардан олинадиган миллиондан ортиқ ҳар хил турдаги кўрсаткичлардан, шу жумладан юридик шахсларнинг ҳисоботлари, таҳлилий материаллар ва давлат органларининг маъмурий маълумотлар базалари, махсус ўқитилган интервьюерлар томонидан ўтказилувчи сўровлар ва бевосита кузатувлардан фойдаланилади.
Улар асосида макроиқтисодий индикаторларни баҳолаш, республика ва ҳудудларнинг ижтимоий–иқтисодий ҳолатига таъсир кўрсатувчи сабаблар ва омилларни таҳлил қилиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини бошқа мамлакатларнинг тегишли маълумотлари билан таққослаш имконини берувчи статистик маълумотлар тўпламлари шакллантирилади ва тарқатилади.
Кўпчилик давлатларнинг миллий статистика ташкилотлари халқаро даражада келишилган ягона методология асосида статистик жараёнлар ва статистик натижаларнинг сифатини мунтазам равишда баҳолайдилар ва уни янада яхшилаш чораларини кўрадилар.
Халқаро статистика амалиётида “сифат” атамаси кенг маънода талқин қилинади ҳамда статистик жараёнлар ва статистик натижалар фойдаланувчилар ва манфаатдор томонларнинг талабларига қанчалик яхши жавоб беришининг барча аспектларини қамраб олади.
Статистика услубиятида тизимли инновациялар, статистик кўрсаткичларнинг сифати ва халқаро таққосланишининг энг муµим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади, шунингдек, улар статистик маълумотларга бўлган эҳтиёж ўсиб бораётган шароитда маълумотларни янада кўпроқ мосланувчан ва минимал сарф-харажатлар билан тайёрлаш ва тарқатиш имконини беради.
Охирги 10 йил давомида давлат статистикаси тизимида 100 дан ортиқ миллий шароитларга мослаштирилган услубий ҳужжатлар жорий этилди, хусусан охирги 3 йилда 41 та янги услубий ҳужжат ишлаб чиқилди ва амалдаги 13 та методика такомиллаштирилди.
Мазкур услубий ҳужжатлар Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида махсус электрон кутубхонага жойлаштирилган. Улар билан нафақат статистика тизими ходимлари, балки аниқ кўрсаткичларни ҳисоблашда қўлланаётган услубиятни яхшироқ тушунишни ёки мустақил равишда баҳолашни ёки уни халқаро ва хорижий услубият билан солиштиришни истаган ҳар қандай шахс танишиши ва фойдаланиши мумкин.
Қайд этиш лозимки, замонавий статистика амалиётида мамлакатларга фақат уйғунлаштирилган услубиятдан фойдаланибгина қолмасдан, балки “метамаълумотларни”, яъни миллий ва халқаро даражада уйғунлаштирилган ҳужжатлаштириш тизимини шакллантириш тавсия қилинмоқда.
Метамаълумотлар тизимининг муҳим афзаллиги, фойдаланувчиларга “онлайн” режимида Интернет тармоғида зарур статистикани сўров асосида ёки қидириш тизими орқали тез излаб топиш ҳамда интерактив статистика хизматлари кўрсатишни янги сифат босқичига ўтказиш имконини берувчи тузилмалашган каталогнинг мавжудлигидадир.
Қайд этиш лозимки, ҳисобот тақдим этувчи респондентлар билан фаол ҳамкорлик қилмасдан туриб, юқори сифатли статистикани таъминлаш мумкин эмас.
Шу сабабли, статистика фаолиятининг яна бир янги йўналиши, замонавий Интернет технологияларидан фойдаланиб респондентлар билан қайта алоқа тизимини ўрнатишдир.
Албатта, статистика фаолиятини ташкил этишда ечилмаган муаммолар ҳали кўп ва жамият томонидан статистика маълумотларига бўлган ишонч ҳозирча етарли даражада эмас. Шунинг учун, барча статистик мутахассислар доимий олдинга интилишни ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахборотлари сифатини ва уларни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга оширишга қаратилган тизимли ўзгартиришларни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Ш. АЛЛАЯРОВ,
туман статистика бўлими бошлиғи