Журналистлар семинарларда, медиафорумда қатнашса оммавий ахборот воситасида замонавий технологияларнинг жорий этилаётганлигини, сифатли газета нашр қилиш тажрибаларини ўрганади. Ижодий қобилияти, меҳнатга муносабати ривожланади. Журналистлик фаолияти жараёнларида илғор усулларни қўллаб янги ютуқларга эришади. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” мавзусидаги анъанавий “Чимён – 2021” медиафоруми шундай эзгу мақсадларни ўзида мушассамлаштирди.
22-февраль куни “Чимён – 2021” медиафорумининг асосий тадбирлари бошланди. Республикамиздаги турли вилоят, шаҳар ва туманлардан борган 80 га яқин журналистлар медиафорумга борди. Улар қаторида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими раиси М. Абдураҳмонов, “Қумқўрғон садоси” газетаси бош муҳаррири, туман кенгаши депутати Р. Менгзияева, “Термиз оқшоми” газетаси бош муҳаррири А. Сайидмаликов ҳам борлиги қувонарли. Журналистлар Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу замонавий архитектура талаблари асосида бунёд этилган кўркам иншоотда электрон ресурс маркази, 60 ўринли анжуманлар зали, музокаралар хонаси, видеостудия жой олган бўлиб, ёшлар ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўрганиш, ахборот технологияларида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмлари яратилган. Бундан ташқари, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўрганиш йўлга қўйилган.
Маълумки, миллий матоларимиз ўз жозибаси ва кўрки билан билан наинки юртимиз, балки хорижда ҳам машҳур. Айниқса, марғилонлик уста-ҳунармандлар томонидан яратилган ипак матолар мафтункор нақшлари билан алоҳида ажралиб туради. Қўл меҳнатини қадрловчи кишилар Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да ипакнинг тайёрланиши, миллий либос ва буюмлар, нодир гиламларнинг тўқилиши жараёнини яқиндан кузатиши мумкин.
Журналистлар Фарғона шаҳридаги “Fargana Stone Paper” корхонасига келиб, тадбиркорнинг ақл-заковати чинакам яратувчанлик фазилатини тараққий эттиришнинг бош омили эканлигига гувоҳ бўлди. Фарғоналик асли касби шифокор-жарроҳ Абдураҳмон Ниёзов 20 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Эътиборлиси, у янгиликлар яратишдан чарчамайди.
ОАВ вакиллари медиафорум доирасида вилоят “Матбуот уйи” ҳамда “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари фаолияти билан танишдилар. Замонавий ва кўркам шароитларни кўриб журналистларга юксак нуқтаи назар билан қаралаётганидан хурсанд бўлдилар. Кўрса кўз қувонадиган хоналар, иш ўринлари, мебеллар, компьютер жамламалари, босма нашрларнинг ижодий ва техник ходимлари фаолияти учун берилган. Фотомухбирларнинг вилоятнинг фахри бўлган мутахассислар фаолиятидан лавҳалар, уларнинг эришаётган ютуқлари тасвирланган расмлар кўргазмасидан ҳам ибрат олдилар. Ўзаро суҳбатлар, машғулотлар давомида кўникмалари бойиди. Ўзбекистон Журналистлари ижобий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг “Журналистлар ижодий уюшмаси сўз ва матбуот эркинлигининг ҳимоячиси” мавзусидаги маърузасини мароқ билан тинглади. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “Зарафшон” газетаси муҳаррир ўринбосари Ғолибжон Ҳасанов газетаси тақдимотини ўтказди. “Зарафшон” газетаси мазмуни ва дизайни жиҳатдан ибратли эканлиги яхши таассурот қолдирди. Медиафорум ўзига хос қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар тарзида давом этди. Олимлар ва ёзувчилар билан учрашув, қизғин суҳбатлар ижодкорларни янги зафарлар сари ундади.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА