Мактабгача таълим-ўргатар билим

“Ҳаракатлар стратегияси” амалга оширлаётган беш йиллик мактабгача таълимни ривожлантиришга эътибор ошганлиги билан аҳамиятли. Туман ҳокимлиги, бунёдкорлар, тадбиркорлар боғчаларга болалар қамровини кўпайтириш учун янги боғчаларни қуриб, мавжудини таъмирламоқда. 2020 йилда туман мактабгача таълим бўлими тизимида амалга оширилаётган ишларга назар ташласак эришилган натижалар яққол кўринади.
Жами 64 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритди. Шунинг 24 таси давлатга қарашли, 40 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳисобланади. Давлат мактабгача таълим ташкилотида жами 202 та гуруҳда ўзбек тилида таълим-тарбия олиб борилаяпти. Бу гуруҳларнинг 29 тасида мактабгача тайёрлов ишлари бажарилаяпти. 55 та қисқа муддатли гуруҳга ҳам болалар қамраб олинди. Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш мақсадида 1320 нафар боғчага қамраб олинмаган 6 ёшли ўғил-қизлар аниқланди. Бунинг учун 2020-2021 ўқув йилида 30 та умумтаълим мактаби ва Қумқўрғон педагогика коллежида 44 та гуруҳ ташкил этилиб, болалар қабул қилинди. Гуруҳлар ўтган йил ноябрь ойидан фаолиятини бошлади. 37 нафар тарбиячи иш билан банд этилди. Шундан 5 нафари олий, 32 нафари ўрта махсус маълумотга эга.
2021 йилда болалар қамровини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида 1020 ўринли 10 та нодавлат ва 20 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, 50 ўрин реконструкция қилиш ҳисобига, 11 та болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш гуруҳи очиб 1745 та қўшимча қувват яратиш режалаштирилди. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон беш йиллиги” маҳалласидаги “Сурхон миттивойлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қурилаяпти. Тадбиркорга имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан 30 та 750 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш режалаштирилган. 20 та маҳалла фуқаролар йиғинида давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари очилади. Тадбиркорларга бу ишларни амалга ошириш тушунтирилмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, моддий-техник базасини яхшилаш учун режалар тузилган. 2020 йил Инвестиция дастури асосида 9321,0 миллион сўм миқдорида битта қурилиш, иккита мавжуд биноларни реконструкция қилиш режалаштирилган. “Навбаҳор” маҳалласидаги 7-сонли, “Боймоқли” маҳаласидаги 23-сонли, “Пахтаобод” маҳаласидаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш ишларини бажариш режалаштирилган. 2021 йилда “Обод маҳалла” давлат дастурига асосан 10-сонли МТТни капитал таъмирлаш белгиланди. 2021 йилда Инвестиция дастурига 21-сонли МТТда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўтказиш бўйича вилоят мактабгача таълим бош бошқармасига таклиф киритилди.
2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумни яхши ўтказиш учун туман маҳаллий бюджетдан 657,8 миллион сўм пул маблағи ажратилди. Хусусан, “Сурхон соҳили” маҳалласидаги 2-сонли, “Дўстлик” маҳалласидаги 5-сонли, “Беш қаҳрамон” маҳалласидаги 9-сонли, “Гулистон” маҳалласидаги 15-сонли, “Арпапоя” маҳалласидаги 24-сонли МТТларга тегишли маблағлар ажратилиб, таъмирлаш тўлиқ якунланди. Бир йил давомида 150дан ортиқ муаммо ва камчиликлар махсус таъмирлаш-эксплуатация бўлимининг техник ходимлари томонидан бартараф этилди. 2020 йилда маҳаллий бюджетдан 65,7 миллион сўм маблағ мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник ҳолатини ривожлантириш учун ажратилди. Бунга 100 дона болалар коравоти, 50 дона болалар кийим шкафи, 50 дона стол, 250 комплект юмшоқ жиҳозлар берилди.
Таълим жараёнларини сифатли ташкил этиш асосий вазифалардан бўлиб, муайян ишлар бажарилаяпти. “Маҳорат фаолиятлари”, “Илк қадам” давлат ўқув дастури амалга татбиқ этилаяпти. Тарбиячилар ва тарбияланувчилар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаяпти. Жумладан, 9-, 15-, 21- сонли МТТларда умумий ўрта таълим мактаблари ва ота-оналар ҳамкорлигида иқтидорли ва истеъдодли болалар иштирокида “Беш муҳим ташаббус” бўйича тадбир ўтказилди. 3-сонли МТТда “Китоб – менинг дўстим” номли давра суҳбати, 2-сонли МТТда “Болани жазолаш шартми?” мавзусида семинар, 8-сонли МТТда “Биз жажжи спортчилармиз” деб номланган спорт мусобақалари каби кўпгина тадбирлар амалга оширилди.
Умуман ишлар кўлами кенг, вазифалар залворли. Ўғил-қизларни мактаб таълим-тарбиясига пухта тайёрлаш мақсадида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилаяпти. Туман ҳокимлиги, молия-иқтисод соҳалари мутахассислари, мактабгача таълим бўлими тизимида меҳнат қилаётган кадрлар топшириқларни изчил амалга ошираяпти. Асосий мақсадларга тўлиқ эришилса болалар эрта билим ўрганиб таълим-тарбия соҳасида самарадорликни оширади.
Хуршида УЛУҒОВА,
туман мактабгача таълим бўлими мудири