ЖУРНАЛИСТЛАР МЕДИАФОРУМДА ҚАТНАШМОҚДА

Фарғона вилоятида “Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларидаги очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” IX анъанавий Чимён медиафоруми тафсилотлари кўпчиликни қизиқтиради, албатта. Республикамиз ҳудудида фаолият кўрсатаётган журналистлар бу медиафорумга борди. Чунки оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган ижодий ва техник ходимларнинг ўзаро тажриба алмашуви келгуси ишларида яхши ёрдам беради. Медиафорумда Сурхондарё журналистлари, жумладан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи М. Абдураҳмонов, “Қумқўрғон садоси” газетаси бош муҳаррири, туман кенгаши депутати Райҳон Менгзияева, “Термиз оқшоми” газетаси бош муҳаррири А. Сайидмаликов қатнашмоқда. Тадбир ташкилотчилари Сардоба сув омборида юз берган фалокатдан жабр кўрган юртдошларимизга ғамхўрлик кўрсатиб 30 нафар фуқарони ҳам медиафорумга таклиф қилди. Улар ўзларини қизиқтирган соҳалар бўйича фарғоналик касбдошларидан касб-ҳунар ўрганишаяпти.

Чимён медиафоруми иштирокчилари Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар маркази, Фарғонадаги тошдан қоғоз ишлаб чиқариш заводи, Фарғона туманидаги Лоғон қишлоғида фаолият олиб бораётган “Баҳодир Лоғон Текстил” фаолияти билан танишди. Журналистлар Матбуот уйига бориб, “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририятидаги иш жараёнлари, фотомухбирлар тайёрлаган кўргазмаларни яқиндан кўрди. Ўзаро тажриба алмашди. Суҳбат давомида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган фикр-мулоҳазаларга муносабатларини билдирди. Газетага матнлар тайёрлаб, нашр эттирди.

Н. МУҲАММАДИЕВ