Жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Ю.Қ.Абсоатов ўзи таълим-тарбия олган Қумқўрғон туманидаги 11-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ташриф буюрди.
Ташриф давомида вазир ўринбосари мактаб-интернатда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар билан танишди. Мактаб-интернат педагогик жамоаси ва ўқувчилари билан мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида 11-сонли АФЧЎИМИ жамоасини умумтаълим мактабларининг 2020 йил учун миллий рейтингида ТОП 20 таликда 10-ўринни эгаллаганлиги билан табриклади ва ушбу таълим даргоҳида таълим олганлигидан фахрланишини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатимизда таълим соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар, олий таълим истиқболлари ва «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида педагоглар ва ўқувчиларга атрофлича маълумотлар берди.
Ўқувчи ёшлар билан бўлган учрашувда ўқувчилар республикамиздаги олий ўқув юртлари ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари жараёнлари билан боғлиқ мавзуларда саволлар беришди. Энг фаол ва ноанъанавий саволлари билан яхши таассурот қолдирган ўқувчиларни китоблар ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Мактаб-интернатнинг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида февраль ойидан Вазир ўринбосари Абсоатов Юсуфжон Қодирович ташаббуси билан энг яхши натижаларга эришган иқтидорли ва истеъдодли ўқувчига “Вазир ўринбосари стипендияси” жорий этилди.
Учрашув якунида Ю. Абсоатов мактаб-интернатнинг интилувчан ва тиришқоқ ўқувчи ёшларига илм-фан сирларини эгаллаш йўлида омад тилади.
Д. ҚЎЗИЕВА,
тумандаги 11-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори