Нотариал идорага мурожаат қилиш тартиби

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаролар нотариал идорага ўзлари келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «E-notarius.uz» ахборот портали орқали рўйхатдан ўтиб, ўзларига яқин нотариус қабулига электрон тарзда ёзилади.
Нотариус Тизим орқали келиб тушган электрон мурожаатларни кўриб чиқиб, белгиланган муддатда мурожаат қилган шахсларни қабул қилади.
Мурожаат қилувчилар электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек, битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли битим лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.
Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд қилинади.
Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўллаган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Мурожаат бўйича битим лойиҳаси нотариус томонидан белгиланган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.
Қуйидаги ҳолларда битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади:
– нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;
– тегишли нотариал ҳаракат бўйича мол-мулкка нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса;
– солиқ ёки коммунал хизматлардан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиб, қарздорлик аниқланган ҳолларда;
– манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.
Мурожаат қилувчи нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси қабул қилади, нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаганда котиб ёки нотариус стажёри, улар ҳам бўлмаганда нотариуснинг ўзи қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.
Бунда, нотариус ёрдамчиси (котиб ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчини нотариус қабулига электрон навбатга ёзиб қўяди ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилади.
Нотариус томонидан нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносида ёки мурожаат қилувчиларнинг талаби билан сайёр тартибда расмийлаштириши мумкин.
Нотариал ҳаракатлар нотариал идора биносидан ташқарида расмийлаштирилган тақдирда, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида нотариал ҳаракат расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеога қайд этилади.
Нотариус битимни расмийлаштириишни сўраб мурожаат қилувчиларнинг ва юридик шахсларнинг шахсини аниқлаб, уларнинг муомала ва ҳуқуқ лаёқатини текширади. Агар битим вакил томонидан тузиладиган бўлса вакилнинг ваколати текширилади.
Наргиза Абдуллаева,
Қумқўрғон туман хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус