Виждон эркинлиги ва динга эътиқод меъёрлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан 1998 йил 1 майда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга асосан Республикамиз фуқароларининг эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди.
Мамлакатимизда виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш ва ҳаётда таъминлаш учун тўлақонли ҳуқуқий тизим яратилди. Шу ўринда “виждон” ва “виждон эркинлиги” нима эканлиги ҳақида тўхталиб ўтсак. Виждон – ахлоқий тушунча, яхшилик нима-ю, ёмонлик нималигига жавоб берадиган ички ишонч, ўз хатти-ҳаракатлари учун ахлоқий масъулиятни англаш маъносини тушунишни билдиради. Виждон шахснинг ахлоқий жиҳатдан ўз-ўзини назорат қила олиш, ўзида ахлоқий бурчни мустақил шакллантириш ҳамда ўзидан уни адо этишни талаб қилиш ва ўз хатти-ҳаракатларига баҳо бериш қобилиятини ифодалайди. Виждон эркинлиги – ижтимоий-фалсафий тушунча: ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждони буюргани бўйича яшаш, ишлаш имконияти. Бунда динга муносабат масаланинг бир томони ҳисобланади. Сиёсий жиҳатдан виждон эркинлигига демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Юридик нуқтаи назардан виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуқлари сирасига киради ва демократик эркинликлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқлари нафақат қонунан мустаҳкамлаб қўйилганини, балки амалиётда ҳам ушбу Қонундан келиб чиқувчи тамойилларга қатъий риоя қилинаётганини ҳаётий далиллар ҳам тасдиқлашини таъкидлаш зарур.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг унутилаёзган неча минг йиллик диний ва миллий қадриятларига кенг йўл очиб берилди. Мустабид шўро даврида ман этилган диний ва миллий қадриятларимиз – Рўза ва Қурбон ҳайитлари, марҳумларни хотирлаш каби азалий удумларимиз, урф-одатларимиз тикланди. Президентимиз фармонлари ва Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан Ийди Рамазон, Қурбон ҳайити, Мустақиллик, Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамлари ва дам олиш кунлари деб эълон қилинди. Албатта, бу хайрли ислоҳотларнинг барчаси халқимизнинг эркин ва фаровон яшаши учундир. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотларга оид ишлар инсон ҳуқуқлари ва динига эътиқод меъёрлари доирасида амалга оширилса яхши натижаларини беради.
Ғ. Шайназаров,
Транспортда хавфсизликни таминлаш бошқармаси профилактика инспектори, катта лейтенант