Тумандаги 20-Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида онлайн тарзида ўтказилган халқаро танловда фаол иштирок этишди.
Мактабнинг “Ҳайкалтарошлик” синфи ўқувчиси Ю. Эргашов 13-17 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида танловда ўзи тайёрлаган “Бойчибор” лақабли оти билан фахрли 1-ўринни эгаллади. Бу унга диплом билан тақдирланишни тақдим этди. “Зардўзлик” синфи ўқувчиси Ю. Жуманазарова “Табиатим садоси” мавзусида яратилган зардўзлик иши билан фахрли 3-ўринни, “Эстрада” синфи ўқувчиси Ш. Равшанов 14-16 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида вокал йўналишида ижро этган “Ватаним” қўшиғи билан фахрли 1-ўринни, “Ёғоч ўймакорлиги” синфи ўқувчиси М. Жумаев 16-18 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида фахрли 1-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, “Тасвирий санъат” синфи ўқувчиси Ш. Тошпўлатова 9-12 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида фахрли 3-ўриндан жой олди. Халқаро танловда ўқитувчилар ҳам ўз истеъдодларини тасвирий санъат йўналишида кўрсатди. “Тасвирий санъат” синфи ўқитувчиси Р. Эшқувватов 26-40 ёшгача бўлган ўқитувчилар ўртасида “Тарих тасвирий санъат нигоҳида” кўрик-танловида фаол иштирок этганлиги учун диплом билан тақдирланди. Ўқувчиларнинг ҳар бир ютуғи жонкуяр устозларнинг йиллар давомида изланишлари ва самарали меҳнати эвазига қўлга киритилди. Устознинг билими ва қобилияти ривожланган бўлса ўқувчиларини замонга муносиб камолга етказади.
Д. ИБРАГИМОВА,
20-Болалар мусиқа ва санъат мактаби кутубхоначиси