Қумқўрғон 2-сон касб-ҳунар мактаби фаоллар залида улуғ аллома, шеърият мулкининг султони А. Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган “Камол эт касбим” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
9 та гуруҳда умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчилардан 50 нафар ўғил-қиз бу тадбирда фаол қатнашди. Ҳар бир гуруҳдан 5 нафардан ўқувчи учта шарт бўйича ўзаро беллашди. Улар “Навоийга эътироф”, “Гули ва Навоий” монологини ифодали ва маҳоратли ижро этиш, “Навоий билимдони” бўйича бир ой мобайнида кўп маълумот тўплаш шартларини бажарди. Ўқувчилар тадбирга пухта тайёрланиб, истеъдодлиликларини намойиш қилди. “Ҳайрат-ул аброр” асаридан “Ҳотамтой” тимсолини акс эттирувчи саҳна кўринишини ижро этди. Мумтоз адабиёт вакили яшаган замондагидек миллий лисоблар, А. Навоий асарлари кўргазмаси ҳам иштирокчиларга нафосат бағишлади.
Ўқувчиларнинг билимдонлиги инобатга олиниб “Навоий билимдони”, “Моҳир ғазалхон”, “Энг маҳоратли ижро” номинацияларининг ғолиблари аниқланди. Ҳар бир номинация бўйича фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчилар китоблар жамламаси билан тақдирланди.
Н. МУҲАММАДИЕВ