Беш муҳим ташаббус семинаримиз асоси

Таълим-тарбия муассасаси ёш авлоднинг, ўқитувчи-мураббийларнинг маънавиятини ривожлантириб, жамият фаолиятида муносиб қатнашишга ўргатувчи улуғ даргоҳ. Улкан аҳамият ва масъулиятга эга ишни амалга ошираётган педагогларнинг маҳоратини ривожлантириш мақсадида семинар ўтказиш фойдали. Туман ХТБга қарашли 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Беш ташаббус – беш имконият, уч авлод учрашуви” мавзусида семинар йиғилишини тайёрлаб, ўтказдик. Мактабимизда “Беш муҳим ташаббус” бўйича амалга оширилган ишларимиз кўргазмасини ташкил этдик. Ўқувчилар тикув машиналарида матолардан фартуклар, гуллар, безаклар тикишмоқда. Тасвирий санъатга қизиқувчи ёш рассомлар оқ қоғозга расмлар чизиб, рангли буёқлар ёрдамида чиройли кўринишга келтирмоқда. Айниқса, 7 “А” синф ўқувчиси М. Бурхонова коронавирус пандемияси пайтидаги ички ўй-фикри, орзусини расмда ифодалаяпти. Юзига ниқоб таққан, байроқ тасвирланган куйлак кийган аёл Ўзбекистон харитасини боласи каби қучоғида ардоқлаётганлиги мухлисларнинг эътиборини тортди. Маънавият ва маърифат хонасида китоблар кўргазмаси, газеталар тахлами, кўргазмали воситалар, жиҳозлар қўйилганлиги, хона тоза-озода сақланаётганлиги ибрат олишга арзигулик. Ҳовлида ёшларнинг жисмоний тарбияда зарур стол тенниси, қўл кучини синаш, шахмат-шашка ўйинлари учун шарт-шароитлар яратилди.
Синфхоналарда маҳорат дарслари ўтилди. Инглиз тили ўқитувчиси Х. Исаев, она тили фани ўқитувчиси Н. Ҳазратқулова, тарих фани ўқитувчиси М. Нурманова, Информатика фани ўқитувчиси Ҳ. Саломов ўзбек синфларида, кимё фани ўқитувчиси М. Рўзметова, математика фани ўқитувчиси Д. Тошматова рус синфлари ўқувчиларига намунали очиқ дарслар ўтди. Вилоят ХТБ бошлиғи С. Ҳамидова, туман ХТБ мудири Н. Исматов, услубчилар, мактабларнинг директорлари, педагоглар “Беш муҳим ташаббус” йўналишларининг кўргазмалари, намунали дарслар билан яқиндан танишди. Уч авлод вакиллари: туман ҳокимлиги ходими, фахрий педагоглар, прокуратура ходими, шифокор мутахассислар ҳам семинарга таклиф этилиб, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича иш тажрибаларини ўргатди.
Кўргазмалар, гуллар, шарлар, А. Навоий, З. М. Бобур портрети, мумтоз ва замонавий адабиётлар безатилган фаоллар залида ўқувчилар бадиий қисмни тақдим этди. Улар Беш муҳим ташаббус йўналишларини, шеърларни айтди. Чолғу асбобларида куйлар ижро қилди. Миллий либосларда “Алишер ва Гули монологи”, ғазаллар гулшани, миллий рақс, дўмбра қўшиғи каби томошаларини кўрсатди. Семинар якунига бағишланган умумий йиғилишда мен маъруза қилиб, мактаб фаолияти билан таништирдим. 2-сектор вакили, туман прокурорининг катта ёрдамчиси Ф. Холмуродов сўзга чиқиб иш тажрибалари ва семинар таассуротлари тўғрисида гапирди. Туман ХТБ маънавий-маърифий ишлар бўйича шуъба бошлиғи У. Райимназарова, маъруза қилиб таълим муассасамизда фаол ишлаётган ўқитувчилар меҳнатини эътироф этди. Фаол ишлаётган педагоглар М. Обидова, С. Норқўчқорова, З. Гузарова, таниқли устоз А. Эсоновга эсдалик совғаларни топширди. Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссия котиби Ғ. Муҳамадиев, фахрий устоз А. Ҳусанова, “Сурхон пармалаш ишлари” АЖ бўлим бошлиғи А. Саломов, туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Д. Шойимқулова ва ўқувчи ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Катта тайёргарлик натижаси – кўргазмали семинар мазмунлилиги ва ибратли жиҳатлари билан ёдда қолди.
             Матлуба МАҲМУДОВА,
3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг директори, вилоят кенгаши депутати