Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига кимлар эга бўлиши ва тайинланиш тартибидан ҳабардормисиз?

Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг lV бобида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 252-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш тартиблари кўрсатилган.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга.
Боқувчисини йўқотган вояга етмаган фарзандлар пенсия олиш ҳуқуқига эга, улар фарзандликка олингандан кейин ҳам бу ҳуқуқ сақлаб қолинади.
Эр (хотин)нинг вафот этганлиги сабабли тайинланган пенсия, пенсионер янги никоҳдан ўтганида ҳам сақланиб қолади.
Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар пенсия олиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган боқувчининг оиласига, шунингдек, марҳум пенционернинг оиласига пенсия боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланади.
Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга.
Ўгай фарзандлар, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси — пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан тайинланади. Пенсия ушбу Қонунга мувофиқ марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг: эркаклар – 60 ёшга, аёллар – 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса – умрбод тайинланади.
Оиланинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган барча аъзоларига битта умумий пенсия тайинланади.
Оила аъзосининг талаби билан унинг пенсиядаги улуши ажратилиб, алоҳида тўланади.
Пенсиядан улуш ажратиб бериш пенсияни бўлиш тўғрисида ариза тушган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.
Қонуннинг вафот этганлар оилаларига тааллуқли ҳамма қоидалари бедарак йўқолганларнинг оилаларига ҳам, агар боқувчининг бедарак йўқолганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган бўлса, тегишли равишда жорий қилинади.
А. Джумаев,
Қумқўрғон туман Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи