Болаларимиз ўз аждодлари қолдирган маънавий меросларни билишлари керак. Бунинг учун эса улар китоб билан дўст бўлишлари лозим бўлади. Зеро, аҳли илмлар айтганидек: “Китоблар қалбни ёритади, инсонни юксакликка кўтаради. Энг яхши орзу-истакларни уйғотади, ақлни чархлайди”.
Суюма ҒАНИЕВА,
Улуғ Навоийшунос олима
Тумандаги 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида Ўзбекистон Қаҳрамони, Навоийшунос олима Суюма Ғаниева таваллудининг 89 йиллигига бағишланган “Мен ҳамон йўлдаман…” номли маънавий-маърифий тадбир намунали амалга оширилди. Тошкент Давлат шарқшунослик университети, туман ҳокимлиги, туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси, туман ХТБ ҳамкорликдаги тадбирда кўргазмали воситалар, А. Навоий асарлари, лавҳлар устига қўйилган китоблар, АКТ, шарлар, гул билан безатилди.
Туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Ш. Мамадиев биринчи марта ўтказилган қизиқарли тадбирни кириш гапи билан бошлади. Туман ҳокими ўринбосари Н. Алланазаров маъруза қилди. Шундан сўнг илмий жараёнда улкан маънавий мерос қолдирган, эл суйган олима, профессор С. Ғаниеванинг ҳаёт йўли, фаолиятига бағишланган “Йўл” номли видеоролик намойиш қилинди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Н. Раҳматуллаева Муҳтарам Президентимизнинг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни тушунтирди. ТерДУ Ўзбек филологияси факультети декани, Филология фанлари номзоди, доцент Муҳайё Ҳамраева умрининг катта қисмини илм-фан ривожига бағишлаган олима С. Ғаниеванинг ҳаёти ва фаолияти, ибратли ишлари учун давлат мукофоти билан мукофотланганлиги ҳақида маъруза қилди.
20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг ўқитувчилари ва ўқувчилари ижросидаги Алишер Навоий ғазалларига бағишланган наволар, Содиқ бахши Марданақулов айтган термалар тадбир иштирокчиларига хурсандчилик бағишлади. Маънавий-маърифий ишларда фаол қатнашган, кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаган бир гуруҳ тумандошларимиз диплом, ташаккурнома, китоблар билан тақдирланди.
Н. МУҲАММАДИЕВ