Дўстлик тушунчаси инсонлар маънавиятини ривожлантирувчи, ўзаро муносабатларда яхшиликлар мужассам бўлган, дилларга ёқадиган хатти-ҳаракатларни ифодалайди. Ёшларда дўст фазилатлари маромида шаклланса натижаси ҳам шунга яраша ижобий бўлади.
Бироқ тумандаги икки маҳаллада яшаб, икки таълим муассасасида таълим-тарбия ўрганаётган ёшларнинг жанжалашганлиги оғир оқибатларни келтириб чиқарганлиги афсусланарли. “Навбаҳор” маҳалласидан, 24-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11 синф ўқувчиси Ч. Т. ва “Жийдали” маҳалласидан, 70-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 11 синф ўқувчиси Ш. П. (исм, фамилияси ўзгартирилган) аввалдан бир-бири билан таниш бўлган. Илгаридан ўрталарида низо давом этган. 2021 йил 18 январь куни соат тахминан 18.00 да “Жийдали” маҳалласи ҳудудида низо оқибатида ўзаро жанжаллашди. Муқаддам судланмаган Ч. Т. муқаддам судланмаган Ш. П. нинг бош, юз соҳаларига, танасининг бошқа жойларига қўллари ва оёқлари билан уриб, дўппослаб тан жароҳати етказган. Сурхондарё вилояти СТЭБнинг 2021 йил 8 февралдаги 164-сонли хулосасига кўра, Ш. П. нинг баданидаги краниофациал жараҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, юқори лаб соҳаси эзилиб йиртилган тикилган жароҳати, бел соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тери остига қон қуйилиши, иккала қўлнинг билак соҳасида кўплаб шилинган жароҳатлари, ўнг қўлнинг тирсак соҳасида шилинма каби жароҳатлар аниқланди. Оғирлик даражаси бўйича 6 кундан ортиқ, аммо 21 кундан кўп бўлмаган муддатга соғлиқнинг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳатлари эканлиги кўрсатилди. Ушбу жиноят иши тумандаги 24-сонли умумтаълим мактабида туман ҳокими Р. Гаппаров ҳамда сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Ҳолат юзасидан 2021 йил 13 февралда маълумоти тугалланмаган ўрта Ч. Т. га нисбатан Қумқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ. АШУРОВ,
туман ИИБ бошлиғининг ҲПМБ ўринбосари, подполковник
К. ФАЙЗИЕВ,
туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, катта лейтенант