1-Секторда ҳоким ва ёшлар учрашуви

Туманимиздаги 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби залида туман ҳокими Р. Гаппаров 1-сектордаги маҳаллаларда яшаётган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшлар билан учрашув ўтказди. Янгиер, Мустақиллик, Боболочин, Янги авлод, Ўзбекистон беш йиллиги, Пахтаобод маҳаллаларидан ёшлар келиб қатнашди.
Дастлаб Қумқўрғон ёшларини қўллаб-қувватлаш ва бандликка бағишланган, камбағалликка қарши кураш бўйича амалга оширилган, “Ҳар бир ёшга бир гектар” ишлари доирасида, жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳаларида эришилаётган қувончли натижалар тасвирга олинган ролик намойиш қилинди.
1-сектор раҳбари, туман ҳокими Р. Гаппаров бу ёшлар билан учрашув график асосида, Муҳтарам Президентимизнинг ёшларга эътибори туфайли ислоҳотлар ўтказилаётганлиги, Учинчи Ренессанс яратиш пойдеворини қўйишда амалга оширилаётган ишлар, туманда фаолият юритаётган таянч мактаблари, улардан улуғ алломалар Хоразмий, Ибн Сино, Беруний каби таниқли ёшлар камолга етиши ҳақида атрофлича маъруза қилди. Шу жумладан, туманда ҳозир 41659 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар борлиги, шундан 21040 нафари ўғил, 20619 нафари қиз бола эканлиги, бунинг 6428 нафари “Ёшлар дафтари”да қайд этилганлиги, уларга 6 тоифа бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши, “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” дастури, яқинда 2-секторда амалга оширилган ишлар, давлат бераётган имтиёзлардан тўғри фойдаланиш тўғрисида гапирди. Қумқўрғон туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири Р. Мирзаев, Агробанк АТБ Қумқўрғон филиали бошлиғи С. Тўрақулов, Халқ банки Қумқўрғон филиали Янгиер банк хизматлари маркази бошлиғи С. Мусурмонов ўз тизимларида амалга жорий этилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг ёшлар ўзлари қизиқаётган соҳалар бўйича туман ҳокимига мурожаат қилди. Улар фотостудия очиш, имтиёзли кредит олиш, боғдорчилик учун ер ажратиш, кредит олиб қурган иссиқхонаси довул сабабли бузилиб яроқсиз ҳолга келганлиги учун таъминотчи ёрдам бериши зарурлиги, фарзандида жарроҳлик амалиёти ўтказиш, ер олиб дорихона қуриш, МТТ бўйича кичик мутахассисни ишга жойлаштириш, меҳнат билан банд бўлиш мақсадида ер ажратиш, кўчани созлаш каби масалаларда таклифларини билдирди. Уларнинг мурожаатларига тадбирда қатнашган туман ҳокими ўринбосарлари, ташкилотлар ва банкларнинг раҳбарлари билан биргаликда жавоблар айтилди. Бир қанча ёшлар “1+1” лойиҳаси доирасида 1 ҳафталик ўқиш курсига юборилди. Тадбиркорлик субъектига эга бўлган қўшимча иш жойи учун кредит олиш тартиби, МТТ бўйича ишга жойлашишда олий маълумотли мутахассислар талаб қилинаётганлиги, тумандаги қурилиш ишларини бажариш учун катта маблағ сарфланаётганлиги тушунтирилди. Ҳоким қабулига келган ёшларнинг мурожаатларнинг мазмуни ўрганилиб, амалий жавоб қайтариладиган бўлди.
Н. МУҲАММАДИЕВ