Инсон фазилатлари билан гўзал. Кийиниш маданияти, муомаласи, хулқ-атвори, ахлоқи билан намуна кўрсатиб элимиз орасида обрў топади. Акс ҳолда ёмон хатти-ҳаракатларни содир этса юзи шувут бўлиб, ҳурмат-эътибордан четда қолади. Ноқонуний ишқий муносабатлар, эркак ва аёл ўртасидаги ахлоқсизликлар, улар учун яширин равишда шароит яратиш ҳолатлари ҳар доим кескин танқид қилинган. Шунга қарамасдан нопоклик кўчасига кирган, қора қилмиши ортидан ҳаром усулда пул топишни мақсад қилган кимсалар борлиги ачинарли.
“Азларсой” МФЙ раисининг билдириш хатига асосан, Қумқўрғон тумани ИИБ ходимлари томонидан 2021 йил 17 январь куни тахминан соат 23.00 да “Азларсой” маҳалласидаги “АВТО ОБОД ТРАНС” хусусий корхонасига қарашли бино кўздан кечирилди. Ушбу жойдаги сунъий қопламали футбол майдончасида “Янгишаҳар” маҳалласида яшовчи фуқаро П. Ш. (исм, фамилияси ўзгартирилган) қоровул бўлиб ишларди. У ўзига ажратилган қоровулхонада фоҳишахона ташкил қилибди. Маҳалладоши С. Ф. ни жиноий ишига шерик қилиб, ундан 50000 сўм олиб “Хўжақишлоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Х. Т. билан жинсий алоқа қилишга шароит яратиб берди. Ички ишлар бўлими ходимлари уларнинг ахлоқсизлигини ва фоҳишахона ташкил қилинганлигини аниқлади. Қоровул П. Ш. дан 50000 сўм миқдоридаги пуллар далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинди.
2021 йил 3 февралда ушбу ҳолат юзасидан фуқаро П. Ш. га нисбатан Қумқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мана шу ҳолатда бир томондан иш билан таъминланган фуқаронинг меҳнатга масъулиятсизлиги, ўз иш жойини тоза-озода, кўз қорачиғидек сақлаш ўрнига нопок жойга айлантирганлиги қораланади. Иккинчи томонда ахлоқсизликка қарши кураш ўрнига шаҳвоний нафсини қондириш учун ахлоқ меъёрларини бузган шахслар борлигидан афсусланамиз. Энди улар қора курсида нотўғри қилмиши учун жавоб беради.
К. ФАЙЗИЕВ,
туман ИИБ ҳузуридаги ТБ катта терговчиси, катта лейтенант