Ёшлар эзгу ният билан китобларни ўқийди. Бадиий асарларнинг ғоялари, мазмуни, инсон тимсолларининг фазилатлари китобхонларни тарбиялайди. Шу сабабли халқимиз китоб ўқиган ёшларга нисбатан яхши фикрда, муносабатда бўлади. Замоннинг ривожланаётганлигини қаранки, “Ёш китобхон” танлови ўтказилиб Республика босқичида уч тоифада ғолиб чиққан иштирокчиларга “Президент совғаси” – “Спарк” енгил автомобили, диплом, статуетка берилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда масъул ташкилотларнинг 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларга берган улкан имконияти. Китоб ўқиб китобхонликни ривожлантириш давр талабига айланди. Замондан орқада қолмасдан кўп китоб ўқиган танловда қатнашиб совриндор бўлса мукофот олади, эл орасида иззат ва обрў топади.
Туманимиздаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаоллар залида “Ёш китобхон” танловининг туман маҳаллий босқичи ўтказилди. Танлов Низомига асосан саралаш босқичида 86 ва ундан юқори баллни тўплаган иштирокчи иккинчи босқичда қатнашиши назарда тутилди. Жами 18 нафар иштирокчи уч тоифа бўйича билимдонликларини амалда кўрсатди. “Бадиий асарлар билимдони” шартида Экспертлар комиссияси тавсия этган ўзбек ва жаҳон адабиётларига оид китобларнинг мазмун-моҳияти, ғояси, аҳамиятини шарҳлаш, “Тезкор савол-жавоб” шартида илмий-оммабоп абадиётлардан тузилган 2 та саволга 2 та жавоб айтиш вазифаларини бажарди. 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган китобхонлар тоифасида 14-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Д. Худойбердиев 93,75 балл тўплаб 1-ўринни қўлга киритди. 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшлар тоифасида 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Ш. Рўзиева 123,3 балл олиб ғолиб чиқди. 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган иштирокчилар тоифасида 2-сонли умумий ўрта таълим мактабидан Н. Усмонова 55,7 баллга эришиб 1-ўринга лойиқ деб танланди. Улар вилоят босқичига чиқди. Энди учта шарт бўйича 1-ўринни эгаллаши керак. Шунда Республика босқичига чиқиб бош мукофотни олиш учун энг кучли иштирокчилардан кўп балл тўплаши талаб этилади.
Н. МУҲАММАДИЕВ