Ҳарбий ҳизматга чақирилувчилар билан сайёр қабул

Шаҳар маданият марказининг залида 2021 йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирув мавсуми олдидан қонун бузилишига йўл қўймаслик ва коррупциянинг олдини олиш мавзусида сайёр қабул ўтказилди. Тадбирда вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими, Термиз ҳарбий прокуратураси, туман мудофаа ишлари бўлими хизматчилари, туман тиббий чақирув комиссияси шифокорлари, чақирилувчилар иштирок этди.
Туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Б. Худойбердиев сайёр қабулни кириш гапи билан бошлади. Термиз ҳарбий прокурори катта ёрдамчиси, майор Ғ. Раҳманов маъруза қилиб, муддатли ҳарбий хизматга чақирув бепул амалга оширилиши, мавсумий ва яширин касалликлар ҳақида тиббий чақирув комиссияси шифокорига айтиш, зарур бўлганда мудофаа ишларига қарашли ташкилотларга тартибли мурожаат қилиш, тиббий комиссиядан ўтиб ҳарбий хизматга бориши аниқ бўлгач тартиб-интизомга риоя этиш ҳақида гапирди. Сурхондарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи, подполковник А. Раҳматов маърузасида чақирилувчилар фирибгарларга учраб алданиб қолмаслиги, ташхиси гумон қилинса даволаниб чиқиб муддатли ҳарбий хизматга жалб этилиши, 15 февралдан Бутлаш комиссияси фаолият юритиши, ҳарбий хизматга танланганлар вилоят ҳарбий комиссиясига юборилиши, соғлом бўлган ёшлар вилоятдаги тегишли бошқарма бошлиқларидан иборат Раҳбарият кенгашига тавсия этилиши, энди ҳарбий хизматга шу Раҳбарият кенгаши томонидан жўнатилиши, ҳарбий хизматга кетолмаганда сафарбарлик чақирув резерв хизматига пуллик тўлов асосида бориши тушунтирилди.
Чақирилувчилар ўзларини қизиқтирган саволларини айтди. Жумладан, тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида пуллик хизмат кўрсатишга танқидий ёндошди. Туман тиббиёт чақирув комиссиясига чақирилувчиларни Қонун асосида текинга кўрикдан ўтказиш зарурлиги тушунтирилди. Сайёр қабул давомида фикр-мулоҳазалар ошкора айтилиб, тажрибали хизматчилар батафсил жавобларини берди.
А. АҲМЕДОВ,
Термиз ҳарбий прокуратураси катта терговчиси