9 февраль – буюк ўзбек шоири, мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг таваллуд куни. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб кенг миқёсда маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш анъанага айланган. Жорий йилда эса буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлди.
Шу муносабат билан 4 январдан 15 февралгача “Навоийхонлик кунлари” ўтказилмоқда. Туманимиздаги барча ўқув муассасаларида, корхона-ташкилотларда кўтаринки руҳда бўлиб ўтаётган тадбирларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижоди фақат ўзбек адабиётидагина эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўрин эгаллаши хусусида сўз бормоқда.
Буюк мутафаккирнинг «Хамса», «Тарихи мулуки Ажам», «Мажолис ун-нафоис», «Муншаот», «Мезон ул-авзон», «Насоим ул-муҳаббат», «Девони Фоний” каби бебаҳо мероси адабиётимизнинг маънавий бойлигидир.
4–сонли умумий ўрта таълим мактаби барча синфларида “Алишер Навоий ижодида инсонпарварлик ғоялари” мавзусида маънавият соатлари ўтказилди. 9-11 синф ўқувчилари ўртасида эса “Навоий ижодида комил инсон” мавзусида иншолар танлови бўлиб ўтди.
“Навоийхонлик ойлиги” доирасида ўтказилаётган ноанъанавий дарслар, маънавият соатлари ва тадбирларни мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари томонидан ташкиллаштирилиб, барчага манзур бўлмоқда.
Дарҳақиқат, Навоий шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилган. Унинг ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммасларини ўқиб, бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилмаганини англаймиз. «Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай», деб ёзган эди буюк шоир.
Бугун чиндан ҳам шоир асарлари дунё бўйлаб юксак парвоз этмоқда. Аҳли жаҳон унинг маънавият чашмасидан баҳраманд бўлмоқда.
Бахтигул
НОРМЎМИНОВА,
4-сонли умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси