Ҳамса ва ҳамсачилик анъаналари

Шарқ халқлари адабиётида достоннавислик шаклларидан бири Хамса деб юритилади. У беш йирик достондан иборат. Хамса ёзиш Яқин ва Ўрта Шарқ адабиётида узоқ ва мураккаб тарихга эга бўлган бир адабий анъанадир. Бу анъана улуғ озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавийнинг адабий фаолияти билан бошланади.
Низомий Ганжавий (асл исми Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайд) 1141 йилда Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида туғилган. У 1180—1200 йиллар мобайнида Хамса ёзган. Шоир 1180 йилда “Махзан ул-асрор” (“ Сирлар хазинаси”), 1181 йилда “Хусрав ва Ширин”, 1188 йилда “Лайли ва Мажнун”, 1196 йилда “Ҳафт пайкар”, 1190-1200 йилларда Искандарнома достонларини ёзиб, шу девонга жамлади. Низомийдан кейин Хамса яратиш кучли бир анъанага айланди. Уч нафар шоиргина улуғ хамсанавис бўлиб Низомий қаторидан ўрин олишга муяссар бўлди. Улар улуғ ҳинд шоири Хисрав Деҳлавий (1253-1325), улуғ форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомий ва улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийдир (1441-1501).
Асли Шаҳрисабзлик туркий уруғ авлодидан бўлган Хисрав Деҳлавий (Ямиддин Абдулхасан, (1253- 1325) ҳинд шоири ва олими. Асарларини форс, урду ва ҳинд тилларида ёзган). У 1299-1302 йилларда Алоуддин Хилжийга бағишлаб, Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сига жавобан “Панж ганж” достонларини ёзган. Унда “Матлаъ ул-анвор” (“Нурларнинг чиқиш жойи”), Ширин ва Хусрав, Мажнун ва Лайли, Оинаи Искандарий (Искандар ойнаси), “Ҳашт беҳишт (“ Саккиз жаннат”) достонлари бор.
Хамсачилик анъанасини форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомий (Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад (1414-1492) Нишопурда туғилган) давом эттиради. Унинг 1480-1487 йилларда ёзилган етти достондан иборат “Ҳафт авранг” (“Етти тахт” ёки “Катта айиқ”) асари тарихий аҳамиятга эга. Асардаги 1481 йилда ёзилган “Силсилат уз-заҳаб” (“Олтин занжир”), 1481-1482 йилларда ёзилган “Туҳфат ул-аҳрор” (“Нуронийлар туҳфаси”), 1482-1483 йилларда ёзилган “Сибҳат ул- аброр” (Тақводорлар тасбеҳи”), 1483 йилда ёзилган Юсуф ва Зулайҳо, 1484 йилда ёзилган Лайли ва Мажнун, 1479-1480 йилларда ёзилган “Саламон ва Абсол”, 1485 йилда ёзилган Хирадномаи Искандарий достонлари адабиёт мухлисларига маълум ва машҳур бўлган.
XV асрда ўзбек мумтоз адабиётида катта ва масъулиятли ўзгаришлар бўлди. Ўзбек китобхонларининг эҳтиёжи, ўзбек адабий тили ва ўзбек адабиётининг тараққийси ҳамда истиқболи ўзбек тилида Хамса яратишни талаб қилди. Бу ишга Алишер Навоий (1441-1501) асл исми Низомиддин киришди. Навоийнинг 1483-1485 йилларда ёзган “Хамса”сидаги “Ҳайрат-ул аброр” (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши), “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “ Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонларини китобхонлар ҳозиргача қизиқиб ўқимоқда.
Малоҳат АЗИМОВА,
3-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси