Қутуриш касаллиги

Қутуриш ҳайвонлар ва одамда учрайдиган, асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган касаллик бўлиб, уй ҳайвонлари учун қутуриш касаллигининг асосий манбалари бўри, чиябўри, тулки, шунингдек кўршапалаклар ҳисобланади. Одамлар учун касаллик манбаи бўлиб, қутурган уй ҳайвонлари: ит, мушук, сигир, от, эшак, чўчқа ва бошқалар ҳисобланади.
Касаллик одамга қандай юқади?
Одамга қутуриш касаллиги шу касалликка чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларига сўлаги тушиши пайтида юқади. Касаллик ўта оғир кечиб, ҳайвонлар, одамлар орасида доимо ўлим билан тугайди.
Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонларда кузатиладиган белгилар;
– ҳайвон тажавузкор бўлиб, дуч келган ҳайвонлар ва одамларга ташланади, тишлашга, тирнашга ҳаракат қилади;
– ёруғлиқдан қўрқади, қоронғи жойга ҳаракат қилади, эгаси чақирганда олдига келмайди, оғзи очилиб, тили осилган ҳолатда серҳаракатда бўлади;
– овқатланишдан бош тортади, тўғри келган жисмларни оғзига солиб чайнайди, кейинчалик ютунишга ҳаракат қилади, ютуниши қийинлашади, оғзидан жуда кўп сўлак оқади, безовта бўлади, товуш буғилиб йўқолиб бошлайди ва орқа оёқлари юрмай қолади, яъни фалажланиш ҳолатлари кузатилади.
Сиз агар ит ва бошқа уй ҳайвонларингизда касалликнинг шундай белгиларини кузатсангиз, дарҳол участка ветеринария врачига мурожаат этинг.
Ёдингизда тутинг!
-Итни доимо боғланган ҳолда сақлаш, кўчага олиб чиқилганда тумшуқ тасмасини тақиш, итни кунда кўчага чиқариб юбормаслик ва кўчада қаровсиз қолиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар билан мулоқотда бўлишига йўл қўймаслик керак;
– фарзандларингизни қаровсиз қолган ит ва бегона итлар билан ўйнашига ҳамда уларни уйга олиб келишига асло йўл қўйманг;
– итни ўз вақтида ҳудудий ветеринария бўлимига олиб бориб рўйхатдан ўтказиш, ҳар йили қутуришга қарши эмлатиш зарур, паспорт олиш, жетон тақтириш ит сақловчи хонадон эгасининг вазифасидир.
Ҳайвонлардан жароҳат олганда нима қилиш керак?
– Тишланган жойини уй шароитида зудлик билан кир совун билан оқар сувда яхшилаб ювиб ташланг;
– яшаш жойингизда ҚВП, ҚОП, поликлиника, тез ёрдам бўлимига мурожаат қилинг;
– тишлаган ҳайвон ўз хўжайинининг уйида ёки ҳудудий ветеринария муассасасида 10 кун давомида назорат остида сақланиши зарур;
– уни ўлдириш, уйдан кўчага ҳайдаб юбориш, қаровсиз қолдириш чораларини кўрманг;
– зудлик билан туман кўп тармоқли марказий поликлиника врач рабиологига учрашиб тавсиясига асосан махсус йўриқномада кўрсатилган қоидаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда қутуришга қарши тўлиқ эмлансангиз қутуриш касаллигининг олдини олган бўласиз;
– энг асосийси ўзингизни кўча-куйда, жамоат ва аҳоли яшаш жойларида дайди ва қаровсиз итлардан ҳимоялашингиз талаб қилинади;
– сиз хонадонингиздаги итингизни кўчага ҳайдаб, атрофдагилар ҳаётини хавф остига қўйишингизга йўл қўйманг.
Э. ХУРРАМОВ,
туман СЭО ва ЖС бўлими эпид бўлим мудири