Нуроний отаҳонлар онаҳонлар ва фаол ҳотин қизларнинг оилавий муносабатларини мустаҳкамлаш ва инсон ҳаётида оиланинг ўрнини янада ошириш юзасидан Ўзбекистон ёшларига мурожати

Азиз ёшлар, қадрли фарзандларимиз, дилбандларимиз!
Биламизки, инсонни ҳаётга, жамиятга ва ҳатто табиатга боғлаб турадиган муқаддас хилқат бу оиладир!
Ҳаётимизда улкан ғалабаларни қўлга киритишга, бирор хато қилмасликка, ишимизда ютуқларга эришишга ҳаракат қиламиз! Нега? Чунки оиламиз обрўйи, оила аъзоларимизнинг шаъни, Ватан фахри биз учун мезон. Бу нафақат ўзбекона, балки умуминсоний муштарак тушунчадир.
Дунёда жам бўлиб дастурхон бошида суҳбатлашиб ўтирган оиладан кўра гўзалроқ, эҳтиром билан чой узатаётган келинчак ёки қиз, бешикдаги боласига термулиб ўтирган ёш ота-онадан ҳайратлироқ ҳодиса йўқ! Оила ҳақиқатан ҳам инсониятнинг шоҳ асаридир!
Оила – юрт таянчи, меҳр-мурувват, ҳаётбахш ҳарорат, қадриятлар ва маънавият ўчоғи бўлса, аждодларимиз айтганларидек: оилани бошқариш, фарзандларни муносиб қилиб тарбиялаш катта санъатдир!
Ислоҳотларнинг илдизи оила бағрига бориб туташади! Ҳар қандай тараққиёт истаётган давлатнинг асосий мақсади оилани маърифий ва иқтисодий фаровонликка эриштиришдир!
«Қушнинг ҳам ини бузилмасин» дейди меҳрибон ва доно халқимиз! Афсуски, юртимизда тарғибот ва ижтимоий чоралар қанча кўп кўрилмасин, кейинги пайтларда арзимаган баҳоналар сабаб оилалар бузилиб, бегуноҳ беғубор фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда.
Ажралишлар ачинарли ҳолат, ижтимоий кўлами жуда катта бўлган йўқотишдир! Оилавий ажралишлар оқибати шу қадарга етдики, рақамлар Давлат Раҳбарининг юрагини, қалбини ларзага келтирди. Оилани инсон тириклигининг таянч нуқтаси деб билувчи муҳтарам Президентимиз 2020 йил 25 декабрда ёшлар вакиллари билан бўлган учрашувда сиз азиз ёшларимизга қарата юракларни ларзага келтирувчи мурожаат қилдилар.
«Ҳурматли ўғил-қизларим!
Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни доимо асраб-авайлаб келади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор бўлади.
…Мен, бугунги имкониятдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка, авваламбор, кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан.
Оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида сиз, азиз ёшларимиз ҳам ташаббус ва фаоллик кўрсатсангиз, мен барчангиздан чексиз миннатдор бўлар эдим.
Азиз қарокўзларимиз, жигарбандларимиз!
Аслида қадрли Юртбошимизнинг юқоридаги мурожаатларининг ўзи Сиз азиз фарзандларимизнинг қалбига, онгу шуурига ҳамма мурожаатлардан кўра тезроқ, таъбир жоиз бўлса яшин тезлигида етиб бориши аниқ! Бироқ, бобонгиз, бувингиз, отаю онангиз бўлиб биз ҳам сизга оила муқаддаслигини, уни умрбод асраб яшаш кераклигини уқтирмоқчимиз,
Бундан йигирма, ўттиз йил илгари эр-хотин ажралишини одамлар фожеа, мусибат деб қабул қилишган. Бугунги кунга келиб эса ажралиш, болаларнинг тирик етим бўлиб қолиши, оддий ҳолатга айланиб бормокда. Бу ачинарли ҳолдир.
Оиланинг асосини эр ва хотин ташкил этади. Демак, биз аввало йигит-қизларнинг ўзини оилага тайёрлашга эътибор қаратишимиз, уларни оилавий муносабатларга тайёрлашда комплекс ва креатив ёндошувларни, турли тажрибалар уйғунлашган дастур ва лойиҳаларни амалиётга йўналтирмоғимиз лозим.Қисқа қилиб айтганда, оилани асраб қолиш учун сабр-тоқат, гўзал тарбия, ахлоқ ва одоб энг бирламчи заруриятдир!
Ҳурматли юртдошлар!
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг бахту камолини кўриш ҳар биримизнинг энг олий ниятимиз, энг ёруғ орзуимиздир! Келинг, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдай савобли ишга, мажбуриятгина эмас масъулиятли вазифага ҳаммамиз бирдай бош қўшайлик! Оилалар тақдирига лоқайд бўлмайлик!
Ҳамкорларимиз билан бирга ҳафтанинг шанба кунини «Аҳил оила куни» деб эълон қилган ҳолда, ёшларимизга йўл кўрсатайлик, маслаҳатлар берайлик!
Биз юртимиз жамоатчилигини шу йўлда ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга, ушбу долзарб масала муҳокамасида таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишга чақирамиз.
Қадрли ёшлар, азиз фарзандларимиз!
Бахтли бўлай десангиз муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ушбу гаплари ҳамиша қулоғингиз остида, шуурингизда жаранглаб турсин:
«…Халқимизнинг маънавий қудрати ва боқий қадриятларини асраб-авайлаш ва бутун дунёга тараннум этишга сизлар албатта қодирсиз!»