Инсон саодатини белгиловчи қўрғон

Халқимиз азалдан китобсевар халқ. “Авесто”дек инсониятнинг бебаҳо дурдонасига айланган қадимий китоб ҳам, “Алпомиш”дек севги-садоқат, меҳр-оқибат ва жасоратни куйлаган достон ҳам, “Қутадғу билик”дек илм-маърифат намуналари ҳам, шу каби бошқа ўнлаб-юзлаб китоблар ҳам халқимизнинг ақл-идроки, илм-маърифати, маънавияти кўзгусидир. Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.Бугунги давр талаби шиддат билан меҳнат қилишни тақозо этади. Ўзининг юмушларидан ортиб китоб мутолаасига ҳам вақт ажратаётган раҳбарлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Саҳифамизнинг бугунги меҳмони Миллий банк Қумқўрғон тумани филиали бошқарувчиси Азамат Турдуқулов билан суҳбатлашдик. Иқтисодий соҳада меҳнат қилишига қарамасдан кўплаб китоблар ўқишга улгурган раҳбарнинг фикр-мулоҳазаларини Сиз муштарийларга ҳавола этамиз.Сўнгги ўқиган китобим Кайкавуснинг “Қобуснома” асаридир.
Маълумки, оила инсон саодатини белгиловчи қўрғондир. Шунингдек, тартиб-интизомнинг асосий мактаби ҳам оилада вужудга келади.
Оила, фарзанд каби тушунчалар жамият асоси ва ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмуни ҳисобланади. Шу боис халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас билиб, унда солом муҳит қарор топиши ва мустаҳкам бўлишига алоҳида эътибор қаратиб келган.
Оила, оилавий ҳаёт ҳақида улуғ алломаларимиз ўзларининг қимматли фикрлари ва олтинга тенг насиҳатларини ёш авлодга мерос қилиб қолдирган.
“Қобуснома” асарида ҳам “Агар киши ҳар қанча олий насаб ва асл бўлса-ю, аммо ҳунари бўлмаса, у халойиқнинг иззат ва ҳурматидин ноумид бўлур. Улуғлик ақл ва билим биладур; насл-насаб била эмас. Отни сенга ота ва онанг қўймишлар, сен унга ғарра бўлмағил… Бу от фақат бир нишонадин бошқа нарса эмасдур. Аммо сен ҳунар била бир номга эга бўлғил”, дея таъкидланган. “Қобусномада”ги қуйидаги сатрлар ҳам қимматлидир: “Эй фарзанд, билғилким, ақл юзасидин фарзандға ота-онани иззат ва ҳурмат қилиш вожибдир, нединким, унинг асли ота ва онадур. Ота-она фармонбардордур. Бу фармонбардорликда ҳам иш бўлғай ва ҳам фармон бўлғай. Ота-онанинг иши сени парвариш қилмоқдур ва фармони сенга яхшилик ўргатмоқдур. Эй фарзанд, шул важдин ота-онангни сағал ҳам ранжитмағил”.
Шу боис ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келган илк ондан бошлаб, унга бутун меҳрини беради, бор имконини сарф этади, баркамол инсон бўлишини ният қилиб тарбиялайди. Кўзланган мақсад эса фарзандларимизнинг бахти, эртанги кунининг порлоқ бўлишидир.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари «Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи», дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон бобомиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир», – дея уқтирган.
Китоб ўқиш маънавий оламни бойитади, сўзлашув маданиятини оширади. Буюк аждодларимиздан қолган миллий бойлигимизни авайлаб-асраш, уларни ўрганиш, тенгдошларига тарғиб қилиш учун ҳам китоб ўқиш лозимдир. Зеро, китоб – туганмас хазинадир.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА суҳбатлашди