Муаллим албатта газета ўқимоғи шарт!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 30  сентябрда «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни  қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади. Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари  ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар”, деганида қанчалик ҳақ эканлигини кўпчилигимиз яхши биламиз.
Шунингдек,  давлатимиз раҳбари ўз нутқида дунёнинг энг ривожланган  мамлакатларидан  бири – Японияда кунига  3-4 миллион нусхада  нашр этиладиган газеталар мавжудлигини яъни бошқа   турдаги оммавий ахборот воситалари қаторида босма  нашрларнинг ҳам ўз ўрни борлигини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, бу ўринли эътироз нафақат  матбуот соҳаси вакиллари, балки   барча зиёлиларимиз ўқитувчи  ва мураббийларни ўйлантириб қўйганди. Сабаби ёшларимизга таълим-тарбия бераётган устоз-муаллимлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти зиёлиларимизнинг турли  мавзулардаги чиқишларидан тўлиқ  хабардор бўлиб туриши учун газета ўқиши муҳим  аҳамиятга эга. Шу ўринда   мазкур   масаланинг   ечимларига оид  шахсий мулоҳаза  ва таклифларни  айтсам.
БИРИНЧИДАН, халқ таълими тизимидаги бош нашр – “Маърифат газетаси” мақолалари мактабларда ўқитувчилар томонидан мутолаа қилиниб, бу нашр уларнинг доимий ҳамкорига айланиши шарт;
ИККИНЧИДАН,  мактаб ўқувчиларининг ижодий қобилиятларини янада ривожлантириш    мақсадида республикамизнинг турли вилоятларда бўлган тенгдошларнинг дунёқараши,  қизиқишларига қараб  ўзини ўзига” кашф қилдириб ўқувчиларимиз  мутолаа қилган китоблар, асарлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари баён этилган иншолар болаларбоб газета ва журналларда чоп этилишини таъминлаш  (“Тонг юлдузи”, “Ғунча”,  “Гулхан”) каби болаларда китоб мутолаасига бўлган рағбатни оширади;                                                                                                                                                                             УЧИНЧИДАН, ўқитувчилар бошқа ҳамкасбларнинг услуби акс эттирилган мақолалар билан танишгач,  бу услубни ўз фаолияти давомида қўллаб кўргач, ўқувчиларда кузатиладиган ҳар қандай ўзгаришларга бағишланган  мақолалар  нашрда чоп этилса, “устоз-шогирд” анъанаси самарали давом эттирилган бўларди. Таълим муассасалари ва туманнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий янгиликларини тезкор равишда етказишда энг яқин ҳамкор бўлган «Қумқўрғон садоси» газетасига муносабатни янада яхшилаш зарур. Чунки таълим муассасалари фаолиятидаги янгиликлар, инновацион технологиялар ҳақида бу газетада ёритиш осон. Манзил яқин, шунинг учун ижодий ҳамкорликка қулай. Қолаверса, ўқувчиларда  Ватанга муҳаббат руҳини сингдириш мақсадида депутатларимиз ўз ҳудудларидаги мактабларда  “МАКТАБЛАРГА  “ТОНГ ЮЛДУЗИ”  билан” деган  ташаббус  билан  кириб бориш  мақсадга  мувофиқ   бўларди.  Агар  бир нафар   депутат  10  дона “Тонг юлдузи”  газетаси  билан    мактабга кириб борса,   10 та синфда  20 нафардан 200 та ўқувчи газета ўқийди. Шу ўқувчиларнинг энг намунали иншолари,  ўқиган китоблари  ҳақидаги  хулосалари матбуотда ёритилса, исми шарифи газетага чиққанини кўрган ўқувчи китобхонга айланади. Мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги асосида ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан ўқилган китоблар мониторинги  ўтказилиб, “Энг китобхон оила” танловини доимий йўлга қўйиш лозим.
Жойларда, айниқса, туман марказидан олисдаги ҳудудларда, аксарият маҳаллаларда кутубхона йўқлиги сабабли мактаб қошидаги кутубхоналарга саховатпеша тадбиркорларни, нуроний отахону онахонлар, фахрий ўқитувчилар, мактабнинг собиқ битирувчиларини, шу ҳудуддан сайланган депутатларни таклиф қилган ҳолда кутубхона қошида  “Китобсеварлар клуби” ташкил этиш, китоб йиғиш акцияларини ўтказиш керак. Яъни кимдир уйдаги китоб жавонидан яна кимдир китоб дўконидан сотиб олиб  мактаб кутубхонаси фондини бойитишса, ёшларимизнинг маънавий-маърифий онгини янада юксалтиришга ҳисса қўшган бўлардик. Президентимиз ҳар доим ўз нутқларида халқимизнинг маънавияти, маърифати, унинг турмуш тарзини яхшиланишида жойлардаги раҳбарлар, депутатлар етакчи бўлишлари лозимлигини кўп бора айтиб ўтадилар. Бизнинг олдимизда улкан режа ва мақсадлар ётибди. Шу мақсадларнинг амалга ошиши устида излансак, меҳнат қилсак, фидойилик кўрсата олсак ёш авлод таълим ва тарбиясига бор куч ва имкониятларимизни сафарбар эта олсак олдимизга қўйган  режаларни виждонан бажарган бўламиз.
             Р. МЕНГЗИЯЕВА