Кейинги йилларда жамиятимизда хотин-қизлар мавқеини янада ошириш, уларни давлат ва жамоат ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Сир эмас, ижтимоий ҳаётда аёллар ўрни ортиб борар экан, уларнинг кийиниши, ташқи кўринишига эътибор ошади. Ҳар миллатнинг ўз либоси ва ўзига хос маданияти бўлгани каби, ўзбек халқининг ҳам ўзига хос урф-одатлари бор.
Аждодлар томонидан яратилиб, асрлар давомида сайқалланиб келган либослар миллий меросимиздир. Бу меросни эса келажак авлоднинг онгига сингдириш биз педагогларнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Болажонларимизнинг ўзбек миллий матоларидан ҳисобланмиш атлас, адрас, шойи, банорас, беқасам, парипошша, хонатлас, чит, олача, бўз, харир каби табиий ипакдан тикилган кўйлакча-ю чопончаларнинг асл келиб чиқиши, фойдаси ва хусусиятлари тўғрисидаги билимларини бойитишимиз зарур.
Таъкидлаш жоизки, мана бир неча кундирки, тумандаги Давлат Мактабгача таълим ташкилотларида “Нафосат – 2020 Миллий либослар” фестивали ўтказилиши бошлаб юборилди. Куни кеча 4-ДМТ ташкилотида ҳам “Миллий либослар” кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган болажонлар бир-биридан чиройли миллий либослари билан томошабинлар кўзини қамаштирди. Бу эса ўзбек миллатимизнинг тантанасидир. Қайси бир давлатнинг болалари шу давлатнинг миллий анъаналарини англаб етса, ўша давлатнинг пойдевори мустаҳкамдир.
Бизлар эса Ўзбекистон Давлатининг келажагини буюк қилиш учун ҳаракат қилмоқдамиз ва буни бурчимиз деб биламиз. Фестивалимиз ҳали давом этади, барчангизни фестивалга таклиф қилиб қоламиз!
Норбиби Ҳалилова,
тумандаги 4-ДМТТ Мусиқа раҳбари