Коронавирус инфекциясига қарши курашишда масъулиятли бўлайлик

              

Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Мамлакатимизда  коронавирус инфекциясига қарши курашиш, унинг кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда ушбу иллатнинг иқтисодиётимиз тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича Президентимиз Фармони ва қарори ҳамда ҳукуматимиз қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан 2020 йил 26 март куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчага кўра карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда давлат санитария назорати органлари томонидан ўттиз суткагача бўлган муддатда карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Ушбу кодекс 54-моддасига киритилган ўзгартишга кўра жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Шунингдек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, белгиланган шароитда шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик ва бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга ўттиз бараваридан эллик бараваригача жарима белгиланди. Юқоридаги хатти-ҳаракатлар одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланишига ёхуд одам ва одамлар ўлимига сабаб бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси янги мазмундаги     2445-модда билан тўлдирилди. Бундан кейин карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача жарима, агарда ушбу маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек интернет тармоғи орқали тарқатганлик учун икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ва бошқа альтернатив жиноий жазо чоралари белгиланди.

     Ф. Холтўраев,

  туман ҳокимлиги бош юрисконсульти