Инсон организми учун энг фойдали ёнғоқ турлари

Ёнғоқлар ҳажми кичик бўлишига қарамай, фойдали моддаларга бойдир. Уларда витаминлар, минераллар, шунингдек «зарарли» холестерин даражасини пасайтиришга имкон берувчи монотўйинтирилган ва политўйинтирилган ёғлар мавжуд. Кўплаб клиник синовлар давомида ёнғоқларнинг таомларга қўшилиши организмга ижобий таъсир қилиши, моддалар алмашинувини нормаллаштириши ва иммунитетни ошириши исботланган. Бунга уларнинг анча калорияли маҳсулот эканини қўшсак, енгил тамадди қилиш учун мукаммал егуликка эга бўламиз.
Шундай бўлса-да, уларни эртадан кечгача ейиш мақсадга мувофиқ эмас. Ёнғоқнинг ҳар бир тури фақатгина меъёрида истеъмол қилинганда, ўзига хос озуқавий ва шифобахш хусусиятларга эга бўлади. Don’t Panic ёнғоқларнинг фойдали хусусиятларига оид мақоласи билан бўлишди.

Ёнғоқ (оддий)

 

Бу ёнғоқ B2, B12, A, D C, E, K витаминлари ва кўплаб бошқа моддаларга бой. Бундай ёнғоқларда айниқса альфа-линол кислотаси кўп бўлади. Шу боис юрак ритмини нормаллаштиришда ёнғоқларнинг шу тури истеъмол қилинади. Сезиларли натижаларга эришиш учун мутахассислар кунига 8 тагача ёнғоқ истеъмолини тавсия қилишади.

Хандон писта
Ёнғоқ кучли аллергия қўзғатувчи маҳсулот ҳисобланади, шунинг учун уни истеъмол қилишда меъёрга риоя қилиш лозим. «Дори» сифатида истеъмол қилинганда кунига 30 грамм кифоя қилади. Хандон писталар B6, Е витаминларига бой, шунингдек уларда етарлича мис, марганец, фосфор ва муҳим микроэлементлар мавжуд. Хандон писта қон таркиби ва жигар фаолиятини яхшилайди ҳамда юрак-қон томир касалликлари ривожланишини олдини олади. Уларни ҳар куни истеъмол қилиш ўпка ва бошқа органлар саратони хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Ерёнғоқ

Техник жиҳатдан ерёнғоқ дуккакли ўсимликлар туркумига киради. Ерёнғоқ асаб тизимининг нормал фаолияти, ДНК ва РНК синтези, миянинг тўғри ишлаши учун зарур бўлган филат – B9 витаминига бой. Ерёнғоқни меъёрида истеъмол қилиш мия фаолиятини рағбатлантиради, кексайганда эса мияни ақлий фаолият заифлашувидан ҳимоялайди.