Шавқатсизлик қурбони

Аёл фарзанди дунёга келиши учун амалиёт хонасига кириб кетди. Бола туғилди. Она ҳаётдан кўз юмди. Аёлидан айрилиб, фарзанди онасиз қолганидан ота, қаттиқ хафа бўлди. Чақалоқни ўзи парваришлай олмаслигини билиб холасига берди. Ўзи етти ойдан кейин уйланди.
Янги аёлидан кетма – кет иккита: ўғил – қиз фарзандлар кўрди. Орадан уч йил ўтиб холасига берган ўғлини бирга яшаш учун олиб келди. Ўгай она ўз болаларига яхши қарарди. Етим болачага аҳамият бермас, раҳм қилмас, қўрс, жеркиб, туртиб гапирар, овқат берса ўзига алоҳида берар, дастурхонда бирга ўтиришга қўймасди.
Бир куни кечки таомга аёл ўз оиласини меҳмонга чақирди. Дастурхонда турли егуликлар, ширинликлар бор эди. Болакай нимадир олиш учун қўлини чўзганди. Ўгай онаси кўриб қолиб қўлига урди. Уришиб, қўлига ликопчада озгина гуруч бериб балконга чиқарди.
– Шу ерда ўтириб, е! Қимирлама! Ҳамма кетгунча овозингни ҳам чиқарма! Асабимга тегма! Меҳмонларим ёнида мени шарманда қилма! – деди.
Болакай ичкарига кирса, ўгай онаси уришидан қўрқиб ўша ерда ўтирди. Ухлаб қолди.
Меҳмонлар кетишди. Аёл ўз фарзандларини хоналарига ухлатиш учун олиб кириб кетди.
Эри кеч бўлганда ишдан келди. Болаларини сўради. Аёл:
– Ҳаммаси ухлаб ётишибди, – деди. Аёл уни балконга чиқариб юборганини унутди. Таомланиб бўлган ота ухлади. Тушида биринчи аёлини кўрди. У:
– Ўғлингиздан хабар олинг! – деди. Уйғониб кетиб аёлидан сўради. Аёл:
– Айтдим – ку сизга, ухлаб ётибди, – деди.
Ишониб яна уйқуга кетди. Аёли яна тушига кириб:
– Ўғлингиздан хабар олинг! – деди. Чўчиб уйғонди. Аёлидан яна сўради. Аёлнинг жаҳли чиқиб:
– Уфф, бунча, ваҳима қилмасангиз?! Айтдим – ку, ухлаяпти. Жа эркалатиб юборгансиз – да, шу ўғлингизни! – деди.
Киши яна ухлади. Биринчи аёли яна тушига кирди ва:
– Бўлди. Ўғлим, жигарбандим менинг ёнимга келди, – деди. Сапчиб уйғониб ўғлининг хонасига кирди! У йўқ эди. Бошқа хоналарга қараб чиқди. У ҳеч қаерда йўқ эди. Балкон эшигини очиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, ўғилчаси ғужанак бўлиб ётар, исиниш учун бошини тиззалари орасига олганча, қотиб қолган, жони узилганди. У совуққа бардош бера олмаганди. Ёнида ликопчада озгинаси ейилган гуруч турарди. У энди жабр кўрмайдиган, йиғламайдиган, золимлар йўқ диёрга кетганди.