Мустақил, тинч ва осуда Юртимизда барчамизнинг кам-кўстсиз яшашимиз учун барча имкониятлар яратилмоқда. Ҳаётимиз учун зарур бўлган уй-жой, машина олишимиз учун ёш оилаларга имтиёзли фоизларда кредитлар ажратиляпди. Чунки, баъзи оилалар рўзғоридан орттириб маблағ йиғиб уй-жой,машина ололмайди. Кредит асосида олинган уй-жой ёш оилалар учун бахт калитидир.
Албатта, ҳаммамиз ҳаётимиз тўкис бўлиши учун, фарзандларимизга шарт-шароитлар яратиш учун меҳнат қиламиз, елиб – югурамиз. Бугун ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қила олмаймиз. Кўплаб юмушларимизни осон қилади. Кун янгиликларидан хабардор бўламиз. Ижтимоий тармоқларнинг аксари реклама майдонига айланиб қолган. Қўяётган рекламалар ҳақиқатга яқинми,йўқми муҳим эмас. Муҳими рекламалар ортидан келадиган маблағлар. Қисқа вақт ичида ижтимоий тармоққа қўйилган иккита реклама эътиборимни тортди. Жойлаштирилган эълонда 0 % кредитга маиший техника воситалари берилишини келтириб ўтган. Борган биринчи манзилим эълон бўйича “Янги ер” маҳалласида очилган савдо дўкони бўлди. Чунки негадир ушбу хабар ҳақиқатга яқин эмасдек туюлди. Мижоз сифатида бориб нарх-навоси билан танишдим. Маиший техниканинг сотувдаги нархи ва 1 йил яъни 12 ой мобайнида қайтариш шарти нархи орасида катта фарқ борлигига гувоҳ бўлдим. Мисол учун 600000 минг сўмга олишингиз мумкин бўлган электр гўшт қиймалагич 12 ойга кредитга олиш баҳоси 820000 минг сўм бўлишини айтишди. 70000 минг сўмлик кичкина электр плитаси кредитга 95000 сўмга баҳоланиши айтилди. Куни кеча яна ҳудди шу ижтимоий тармоқда туман марказида очилган савдо марказида 0 % кредитга маиший техникаларни олишингиз мумкинлиги тўғрисида эълон қўйилди. Яна ушбу савдо мажмуасига бориб нарх-наво билан танишдим. Бу нарх-наволар ҳам худди аввалги савдо мажмуасидаги билан бир хил экан. Орадаги фарқ қиладиган суммани ҳисоблаб кўрсангиз 0 % кредит, 30-32 фоиз кредитга айланишига гувоҳ бўлдим. Энди ўзингиз айтинг бундай ёлғондан иборат рекламалардан биз учун нима наф. Қўлдан ўтгунча, эгасига етгунчага айланмоқдами? Ушбу эълонга ишониб қанчадан-қанча тумандошларимиз овора бўлишмоқда ва қанчаси алданиб қолишмоқда. Мижоз кўпайтиришни бир четга суриб 0 % ўрнига 30-32 % ни қўйсак виждон азобига йўл қўймаймиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА