Цитрус оққанотига қарши курашайлик!

Цитрус оққаноти тенг қанотлилар туркумининг алейродид ёки оққанотлилар оиласига мансуб цитрус ва субтропик минтақа ўсимликлари учун жуда зарарли ички карантин зараркунанда ҳисобланади.
Ватани Жанубий шарқий Осиё (Хитой, Ҳиндистон) мамлакатлари ҳисобланади. Ҳозирги кунда субтропик ва тропик иқлимли мамлакатларда кенг тарқалган. Ҳиндистон, Веътнам, Афғонистон, Япония, Филипин ва Цейлон ороллари ва кўпгина МДҲ давлатларида учрайди. 1942 йилдан АҚШ, Аргентина, Бразилия, Чили, Гавайи ороллари Европа, Ўрта ер денгизи соҳилларига тарқала бошлаган. Бугунги кунда ушбу ҳашорот Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалиб улгурган.
Морфологик белгилари: Цитрус оққаноти урғочисининг узунлиги 1,6-2,0 мм келадиган бир жуфт оққанотга эга, кўзи қора, пушти доғли, танаси оч сариқ, жим турган пайтида қанотлари танасини беркитиб туради. Урғочиси ва эркаги ташқи кўринишидан бир-бирига жуда ўхшаш. Бироқ эркаги урғочисидан майдароқ, танаси кичкина ва узунчоқ. Урғочисининг танаси калта ва кенгроқ бўлади. Мўйлови етти бўғимли, оёқлари икки бўғимли тирноқли, улар ёрдамида у баргларнинг таг қисмига ёпишиб туради. Тухумининг узунлиги 0,24-0,32 мм, янги қўйилгани ялтироқ ҳаво ранг тусли, кейинчалик сарғая боради. Тухуми банди орқали баргларга ёпишиб туради. Личинкасининг кўзлари тухум қобиғидан очиб чиқишидан олдин тўқ қизил рангда яққол кўриниб туради. Қизил кўзлар кўрингандан уч кун ўтгач личинкалар кўплаб чиқа бошлайди. Тухумларининг ривожланиши об-ҳаво шароитига боғлиқ равишда ўзгариб туради. Ҳавонинг ҳарорати 23-25 даража бўлганда тухумлар 13 кун, яъни энг қисқа вақтда ривожланади. Личинкалар янги очиб чиққанда 0,21-0,34 мм узунликда танасининг атрофи калта тукли, 3 жуфт оёқлари яхши ривожланган бўлади. Личинкалар баргларнинг остки қисмига ёпишиб, тумшуғини барг ичига тиқиб озиқлана бошлайди. Шу тариқа личинка барг ширасини сўриб олади ва ўзидан жуда майда томчи шира ажратиб чиқаради. Личинканинг иккинчи ёши-узунлиги 0,57-0,66 мм келади. Тана тузилиши оддийлашади. Кўзлари кўринмай қолади шу ҳолатда қишлайди. Личинканинг учинчи ёши-узунлиги 0,91-1,1 мм га етади. Кўриниши мураккаблашиб япалоқ ҳолга келади. Ранги шаффофланиб яшил баргларга ёпишганда кўринмай қолади.
Капалаги: Пупарий қобиғидан чиққан оққанотнинг қанотлари буришган, танаси шаффоф, кўзлари қизил рангли бўлади. Бир неча соатдан сўнг қанотлари ёзилади, кўзлари қораяди, қанотлари, мўйловлари, оёқлари ва бутун танаси оқ момиқсимон туклар билан қопланади. Шундан сўнг бир кун ўтгач оққанотлар жуфтлаша бошлайди. Жуфтлашганидан 30 кун ўтгач, урғочи оққанот баргнинг орқа томонига тухум қўя бошлайди.
Биологик хусусияти: Қиш мавсумидан чиққан цитрус оққанотининг баҳорги авлоди 3-4 ҳафта яшайди. Барг остига қўйилган тухумлардан 10-12 кунда биринчи личинкалар очиб чиқа бошлайди. Баҳор ойларида личинкаларнинг ривожланиш даври 10-14 кунни, бутун умри яъни тухум қўйишдан то етук ҳашорот бўлишгача эса қарийб 60 кунни ташкил қилади. Ёзда личинкаларнинг ривожланиш даври тахминан 5-12 кунни, яшаш даври 30-40 кунни ташкил этади. Баҳорга нисбатан ривожланиш тезлашади. Куз ойларида ривожланиш даври анча узаяди. Личинкаларнинг ривожланиш даври 15-35 кун, тухумдан қишқи пупарийларнинг ҳосил бўлишгача 107 кунни ташкил қилади. Цитрус оққанотининг ривожланиши кўпинча уч авлодни ташкил қилади, яъни баҳорда: апрель-май, ёзда: июлда, кузда: сентябрь-октябрь ойларида.
Зарари: Цитрус оққаноти асосан цитрус ўсимликларида лимон, мандарин, апельсин ва бошқа ўсимликларда ривожланади. Шу билан бир қаторда чой, хурмо, шилви настарин, дафна, жасмин, камфара, гардения, лигуструм каби ўсимликларга ҳам катта зарар етказади. У фақат дарахтларнинг баргларида ривожланади. Қиш мавсумида баргларини тўкадиган дарахтлар, буталар қишда оққанотдан тозаланиб туради. Личинкаларнинг баргларни сўриб зарарлаши натижасида барглар кучсизланади ва ўсимликларнинг ҳосилдорлиги пасаяди. Оққанотнинг ширин ажратмаларида замбуруғлар ривожланади. Бу эса фотосинтезнинг сусайишига олиб келади. Маҳсулотнинг товар кўриниши йўқолади. Ҳосилдорлик 50 фоизгача пасаяди.
Кураш чоралари:
Кимёвий чоралар: Зарарланиш марказига биринчи ишлов бериш баҳорда, ёзнинг бошида имогонинг биринчи авлодида ўтказилади. Бунда махсус тавсияномаларда келтирилган кимёвий воситалардан фойдаланилади. Иккинчи ишлов личинкаларнинг биринчи авлоди кўплаб чиқадиган вақтда ўтказилади. Учинчи ишлов биринчи ва иккинчи авлод личинкаларига қарши ўтказилади. Оққанот билан кучли зарарланган кўчатларда тўртинчи ишлов сентябрнинг биринчи ярмидан меваларга ранг киргунча амалга оширилади. Меваларни териб олишдан 20-25 кун олдин ишлов бериш тўхтатилади. Пуркаш ишлари личинкаларнинг иккинчи авлодига ва дарахтлардаги қора доғлардан тозалаш учун амалга оширилади. Куз-қиш ойларида цитрус ўсимликлари илдизлари ёпиқ ҳолатда фумигация қилинади. Зарарланиш маркази тугатилгандан сўнг қуриган шохлар кесиб ташланади ва зарарланган жойларнинг ўзида ёқиб юборилади.
Ҳозирги вақтда иссиқхона ва лимонариялардан экспортга жўнатилаётган помидор, булғор қалампири маҳсулотларидан жигарранг бужмайиш касаллиги чиқмоқда. Фарғона, Қашқадарё вилоятларидан Россияга жўнатилган помидорда шу касаллик аниқланди ва орқага қайтарилди. Сурхондарё вилоятида шундай ҳолат бўлмаслиги учун экспорт қилишдан 20-25 кун олдин химиявий ишлов бериш зарур.

Қ. Раҳмонқулов,
Б. Салаев,
П. Умаралиев,
Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини инспекторлари