Куни кеча давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлигини айтди. Йиғилишда кўтарилган долзарб масалалар маънавият ва маърифат соҳасида фаоллик кўрсатаётган мутахассисларни янада ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундади.
Чунки маънавият барчамизнинг онгимиз, дунёқарашимизни ривожлантиради. Ижтимоий-маънавий аҳамиятга эга вазифаларни изчил бажаришни талаб қилади. Аввалдан тўпланган тажрибаларимиз, маънавият борасидаги ишларимизни давом эттириб, янги тараққиёт босқичига кўтаришимизни вазифа сифатида қўймоқда. Бунда ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилганлиги бизни тўлқинлантирди. Бизнинг Қумқўрғон агросаноат техникумимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари фаолиятини ривожлантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, истеъдоди ва иқтидорини шакллантириш каби ишлар янада оммавийлашади. Бу борада педагоглар ва ўқувчи ёшлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш яхши натижаларини кўрсатади. Ўқув муассасамиз янги шаклда, техникум сифатида фаолият кўрсата бошлаганлиги ҳам мамлакатимиз раҳбарининг ёшларни ҳар томонлама билимли, мутахассисликка эга бўлиши учун юксак эътиборнинг намунаси бўлди. Педагоглар бундан жуда руҳланиб ёш авлодга 6 та мутахассислик бўйича ўқув ва амалий машғулотлар ўтмоқда. Шу билан бирга маънавият бўйича ҳам режали ишларни татбиқ этмоқдамиз. Соғлом фикрли ёшларга эҳтиёж баланд экан биз маънавият тарғиботчилари ўз вазифамизни сидқидилдан бажариб юртимизнинг янада тараққий этишига эришамиз.
Азамат МАМАТҚУЛОВ,
Қумқўрғон агросаноат техникуми ўқитувчиси