Мурожаатнома кеча ва бугун

Муҳтарам Президентимиз Суд-ҳуқуқ соҳасида жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттирилишини билдирди ва натижада 2020 йил судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилди.
Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида 2020 йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.
Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасин, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. “Меҳр-3” операцияси амалга оширилиб, Суриядан яна 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келингани бунинг яққол тасдиғидир.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар йил давомида ҳам изчил давом эттирилади.
Хабарингиз бор, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйдик. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.
Биринчидан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.
Иккинчидан, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилади. Жумладан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади.
Учинчидан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур. Ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқат.
С. Менглиқулов,
Адлия бўлими бош маслаҳатчиси
М. Аллаярова,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси