Ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатлар ҳақида қисқача маълумот

1. “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4939-сон, 31.12.2020 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори такомиллаштирилади.
Классификатор, жумладан, таълимнинг энг паст даражасига қўйиладиган талабларни бекор қилган ҳолда ҳар бир лавозим ва касб бўйича малака доирасига мувофиқ малака даражасига талаблар киритилишини назарда тутади.
Қарор билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика бандлик ва меҳнат муҳофазаси илмий маркази вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти этиб қайта ташкил этилди.
2021 йил 1 апрелгача “profstandart.uz” касбий стандартларнинг ягона очиқ портали ишлаб чиқилади.
2021/2022 ўқув йилидан:
олий таълим муассасаларида амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида дуал таълим тизими жорий этилиши;
2. “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори (2-сон, 08.01.2021 й.) қабул қилинди.
Қарор билан Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.
Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:
– ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
– боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
– ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
– уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;
– нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;
– қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
– тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли даромад манбаига эга бўлмаганлар);
– ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;
– психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
“Аёллар дафтари” қуйидаги тартибда юритилади:
Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилади.
Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.
Қарорга кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилади.
Кредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида белгиланади.
Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг фамилия, исми, отасининг исми бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.
Шунингдек, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга БҲМнинг икки бараваридан тўрт бараваригача (446 минг сўмдан 892 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.
3. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори (3-сон, 03.01.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида “5520100 – Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади.
4. “Ер ости сувларидан фойдаланишга оид рухсат этувчи ҳужжатларни бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори (9-сон, 08.01.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, гидрогеологик хулоса бериш ҳамда ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
5. Ҳукумат қарори (1-сон, 07.01.2021 й.) билан Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, солиқ органлари қуйидаги солиқ текширувларини ўтказади:
– камерал солиқ текшируви;
– сайёр солиқ текшируви;
– солиқ аудити.
                Р. СУЛТАНОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи