ҚОРА КУРСИГА ЎТИРДИ

Ўқиб-ўрганиб эгаллаган билимини ақл тарозисига солиш ҳар бир ёшга бериладиган имконият. Ана шу фурсатни кутиб, изланган тест синовларига тайёргарлик кўриш асносида тунни тонгга улаган абитуриент борки жамиятимиздаги адолат ва қонун устуворлигига ишонади. Бу жараёндаги ҳар қандай ноҳақлик ўсмир ёшларнинг онгига салбий таъсир кўрсатиб ислоҳотларга нисбатан ишончсизликни уйғотади. Коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳисса қўшаяпти. Уларнинг саъй-ҳаракатлари амалий натижаларда намоён бўлмоқда.
Олтинсой туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг ўқитувчиси Шавкат Ўрозов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан эгаллашни мақсад қилди. У университет ҳудудида ўзаро суҳбат жараёнида танишиб қолган фуқаро Насиба Алимовага Термиз Давлат Университетининг “Бошланғич таълим йўналишининг сиртқи бўлими”га ўқишга киритиб қўйишни ваъда беради. Масалани ижобий ҳал қилиш учун университетда ишловчи танишларига пул бериш кераклигини айтиб, фуқарони алдаб, фирибгарлик йўли билан ундан 2000 АҚШ доллари талаб қилди. Шу пулдан 1500 АҚШ долларини Денов шаҳрида олаётган вақтида Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Фирибгар ўзига тегишли жазосини олди, жиноят ишлари бўйича шаҳар суди томонидан унга тегишли жазо тайинланди. «Етти ўлчаб бир кес» дейди халқимиз, аммо бу нақлга амал қилмасдан, ўйламасдан қўйилган биргина қалтис қадам кишини “жарликка” қулатишини бу кимса англаб етган бўлса ажаб эмас.
А. Хўшбоқов,
бошқарма катта криминалисти
У. Маматраимов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи
Б. Ачилдиев,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими инспектори