МАНСАБДОРНИНГ ҚОРА ҚИЛМИШИ

Содда одамлар ишончига кириб, текин нон топишни таълим муассасаси раҳбари ҳам одат қилгани ачинарли. Билим юрти раҳбари бўла туриб, қўл остида ишлаётган ходимларга, ўқувчи ёшларга яхши хислатлари билан ўрнак бўлиш ўрнига эгри йўлни танлаган Шўрчи тиббиёт коллежи директори Севара Узоқованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мана шундай ҳаракати қониқарсиз баҳоланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур коллеж директори С. Узоқова, аввало, ўқувчилар, ҳамкасблари, қолаверса маҳалла кўй олдида изза бўлди. Тезкор тадбирда коллеж директори ашёвий далиллар билан ушланди. Маълум бўлишича ушбу “уддабурон” раҳбар Лола Турдиеванинг жияни Икромни ўзи бошчилик қилаётган Шўрчи тумани тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига тўлов контракти учун 4 миллион 500 минг сўм ҳамда ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун 200 АҚШ доллари сўраган. Қинғир ишнинг қийиғи чиқиб С.Узоқова суд олдида жавоб берди. Жиноят ишлари бўйича Шўрчи тумани судининг ҳукми билан айбдор деб топилиб, 2 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.