ТАЪЛИМ ДАРГОҲИДА ФИРИБГАРЛИК

Бу дунёда одамларни бир-бири билан боғлаб турувчи ишонч деган муқаддас туйғу бор. Шу туфайли яхши-ёмон кунларда инсон инсонга дўст ва ҳамдард бўлади. Бироқ сиз ишонган ўша одам фирибгар бўлса қўйнингизни пуч ёнғоққа тўлдиради. Олий таълим муассасалари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими масканларида 2020-2021 ўқув йили учун қабул жараёнларида шундай фирибгарлик ҳолатлари содир этилди.
Таълим-тарбиянинг кейинги босқичларида ўқишга қабул қилиш мавсумидан устамонлик билан фойдаланадиган айрим шахслар фирибгарлик орқали чўнтакларини қаппайтириш илинжида ҳаракат қилишди. Оммавий ахборот воситалари, интернет саҳифалари орқали коррупция ҳолатлари, унинг оқибати, бу иллатга қарши курашиш ҳақида бот-бот тарғибот-ташвиқот юритилиб, оммага тушунтирилмоқда. Тарки одат-амри маҳол, деганларидай ҳамон ўқишга киритиш эвазига пул таъма қилувчилар учраб турибди. Маълум бўлишича, деновлик Ражаб Нурматов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) туман тиббиёт коллежида ишлашини, коллеж раҳбарлари орқали таълим муассасасига ўқишга кирита олишини кўча-куйда айтиб юрган. Маликахон Исмоилова адашиб, фикри чалғиб фирибгарга бориб учрашди. Қизини ўқишга киритиш ниятидалигини билдириб, хизмат ҳақини беришини ҳам гап орасида қистириб ўтди. Фирибгар нақд 800 АҚШ долларга ишни битиришини айтди. Маликахон аввалига рози бўлди. Кейин кўнгли ғаш бўлиб, оқибатини ўйлаб, ҳуқуқни муҳофоза қилувчи идораларга мурожаат қилишни афзал билди. Сохта ўқитувчи 800 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Текиннинг тиканаги бор, дейди донишмандлар. Р.Нурматов ноқонуний ҳаракати учун қонун олдида жавоб берадиган бўлди. Унга жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан 2 йил 6 ой аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.