Қўшничилик ҳаққи

Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида истайдими, истамайдими барибир доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Киши ҳаётининг осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни ила кечадиган алоқаларга боғлиқ бўлади. Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса у кўпгина хайрга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан ҳар хил ёмонлик кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кеткизади. Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар аслида Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган.
 Аллоҳ таоло Қуръони каримда  бу тўғрисида шундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош-қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)! Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят). Ушбу оятда қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган. Шунинг учун ҳам муфассирлар кофир қўшнига ҳам яхшилик қилиш керак дейдилар. Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар “Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса қўшнисига азият бермасин дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Ҳадисда қўшнига азият бермаслик қиёмат кунига иймон келтириш билан ёнма-ён келяпти.
Исломда    қўшничилик ҳақи кўп. Аммо уларнинг барчаси қуйидаги тўрт  ҳаққа боғланади.
1. Қўшнига озор бермаслик.
Қўшнига озор беришлик шариатимизда қаттиқ қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшниси унинг озори ва ёмонлигидан омонда бўлмаган жаннатга кирмайди ”  деганлар. (Имом Муслим ривояти). Жаннатга кириш учун инсон бир масжидга бориши, бирон бир бозорга бориши, савдо йўлида юриши ва ҳакозо эмас ҳатто яшаб турган уйининг ўзида қўшнисига яхшилик қилиб бўлса ҳам жаннатга киришини Жанобимиз алайҳиссалом ўзининг муборак ҳадисларида таъкидламоқда. Жамиятда шундай қўшнилар борки, қўшниси унинг ёмонлигидан чидай олмай уйини сотиб кўчиб кетишга мажбур бўлаяпти. Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ бир аёл кечалари билан ибодат қилиб чиқади, кундузлари эса рўзадор. Вақти-вақти билан эҳсон ҳам қилиб туради. Лекин қўшниси унинг тилининг заҳарлигидан кўп азият чекади”-деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда ҳеч қандай яхшилик йўқ. У дўзах аҳлидандир.”- дедилар. Бу аёлни тилининг заҳарлигидан қилган хайрли амалларини ёпиб дўзах аҳлидан бўлишига сабабчи бўлаяпти. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик бор у жаннат аҳлидандир”- дедилар.
2. Қўшнини ҳимоя   қилишлик.
Қўшнига қилинган тажаввуз, унга қилинган камситилиш борасида ҳимоя қилиш. Бу тўғрида мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а.) нинг ароқ ичувчи қўшнисини қамоқхонадан қутқариб уни ҳимоя қилганлиги сўзимизнинг исботидир. Имом Аъзам (р.а.) га бу ароқ ичувчи қўшниси кўп азият берар эди. Ҳатто кечаси мутаоло қилаётган пайтда ҳам ҳазратга кўп бор халақит берар эди. Ҳазрат қўшнисини қамоққа тушганини эшитиб уни ҳимоя қилиб озод қилади. Бу бир мусулмоннинг ўз қўшнисига яхшилик қилиб ҳимоя қилганлигидан далолат беради.
3. Қўшнига эҳсон ва яхшилик қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса бас, қўшнисига икром қилсин”-дедилар. Яна бир ҳадисда Абу Зар Ғиффорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Зар Ғиффорий (р.а.) га : “Ё Абу Зар, агар сен шўрва қилсанг бас, сувини кўпроқ қилгин ва қўшниларингдан ҳам хабар олгин” – дедилар. Қадимда мана шу одат кенг тус олган. Бувиларимизнинг ҳикоя қилиб беришича   икки қўшни орасида бир коса бўлиб, ушбу косага бирор нарса тўлдирилиб қўшнилар орасида борди-келди қилинар эди деб айтганининг гувоҳи бўлганмиз. Ҳозирда бу одат унутилиб кетаяпти. Гоҳида чақириқларга борганимизда казо-казо одамларнинг келганига гувоҳ бўламиз-у, аммо ўзининг камбағал қўшнисини чақирилмаганининг шоҳиди бўламиз.
4. Қўшнисидан келаётган озорларга сабр қилиш.
Биринчи ҳақ қўшнига озор бермаслик бўлса, тўртинчи ҳақ қўшнидан келаётган озорларга сабр қилишдир. Ўтган уламоларимиз буни яхши англаганлар ва англатиб берганлар. Ҳасан Басрий (р.а.) айтади: “Чиройли иш қўшнига озор бермасликнинг ўзи эмас, балки улардан келаётган ёмонликларга сабр қилишдир”.
Аслини олганда бошқача. Ёмонлик қилган одамга унинг ёмонлигига яраша жавоб  қилишга ҳақлидир. Лекин қўшнидан ёмонлик кўрганда ундаги азиятга сабр қилиш фазилатлидир.
  Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки, юқоридаги қўшничилик ҳақларига риоя этсак, қўшнилар орасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб узилган ришталар боғланади. Аллоҳ таоло қўшниларимиз орасидаги меҳр-у муҳаббатни зиёда айласин!
                Б. Абдузоиров,
тумандаги “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом хатиби