Президентнинг олий мажлисга мурожатномаси институтининг сиёсий -ҳуқуқий аҳамияти

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечириш, ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлади.
Давлат раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси – дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Жаҳон амалиётига кўра, бундай мурожаатномаларда, бир томондан, Президент якунига етган йилда давлат ҳокимияти органлари эришган ютуқ ва натижалар ҳақида ҳисобот беради. Иккинчи томондан эса, мамлакат раҳбари янги кириб келаётган йилда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар дастурини тақдим этади.
Мазкур Мурожаатнома жаҳон давлат бошлиқларининг парламентга мурожаатномалари тарихида ўзининг кўлами ва ҳажми бўйича алоҳида ўрин эгаллаши шубҳасиз. Чунки, жаҳонда бундай мурожаатномалар, одатда, парламентдагина ташкил қилиниб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилар, нари борса, тўғридан-тўғри эфирга узатилар эди. Бизда эса, нафақат парламент аъзолари ва тўғридан-тўғри эфир, балки давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари, хўжалик бошқарув органлари, фуқаролик жамияти институтлари, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари, диний ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашдилар. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг барча элчихоналари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман, шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари видеоконференцалоқа орқали Мурожаатномани эшитдилар.
Кези келганда, ушбу Мурожаатнома институтининг учта асосий жиҳатини ажратиб кўрсатиш мумкин:
Биринчиси – диагностик, яъни «ташхис қўювчи» жиҳат бўлиб, Мурожаатномада давлат бошлиғи мамлакатда давлат ва жамият қурилиши, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, мудофаа ва хавфсизлик, ташқи сиёсатнинг мавжуд ҳолатини таҳлил қилиш асосида уларнинг самарадорлиги, натижадорлигини аниқлайди ва уларга атрофлича баҳо беради.
Иккинчиси – мўлжал-йўналишни аниқлаштириб берувчи жиҳат бўлиб, Президент ўз Мурожаатномасида ички ва ташқи ҳолат, омил ва таҳдидларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларнинг истиқболини прогнозлаштириш асосида ягона ва яхлит ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиб, парламентга тақдим этади.
Учинчиси – бирлаштирувчи ва сафарбар қилувчи жиҳати бўлиб, парламентга Мурожаатнома орқали давлат бошлиғи халқ вакиллари сиймосида жамият ва давлатни мамлакат олдида турган энг муҳим вазифаларни ҳал қилиш йўлида бирлаштиради ҳамда жамият ва давлатнинг ресурсларини сафарбар қилади.
Шу маънода, хорижий давлатлар амалиётидан маълумки, Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга оширишга давлат ҳокимиятининг ҳар уч тармоғи вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари сафарбар қилинади.

С. Аллабердиев,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Б. Бердимуротов,
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири