Асарларда яширинган ҳикматлар

Билим манбаи бўлган китобни севиш, уни ўқиш ва кўз қорачиғидек сақлай билиш, ўқиш учун уни танлай олиш ва ўқиш маданиятини билиш керак.
Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Халқимиз илм ва фан, адабиёт ва санъатга оид нодир қўлланмалар, адабиётлари билан ҳақли равишда фахрланади. Дунёнинг қайси бир машҳур кутубхонасида бўлманг халқимизнинг улуғ алломалари, тафаккур хазинасини яратган донишмандларининг қўлёзмаларини китоб ҳолига келтириб, боқий умр бағишлаган хаттотлар, мусаввирлар меҳнатини кўриш мумкин. Бугунги кун талаби бўлган раҳбарларнинг ҳам китоб ўқишидир. Қайси соҳада иш фаолиятини олиб боришидан қатъий назар ишдан ортиб китоб мутолаа қилишига вақт ажратиши лозим. Маънавияти шаклланган раҳбар иш тажрибасида юксак натижа бўлиши аниқ. Газетамиз саҳифасининг бугунги меҳмони Сурхондарё вилояти “Сувтаъминоти” МЧЖ Қумқўрғон тумани бўлими бошлиғи Илҳом Хурсанов билан китоб мутолааси ҳақида суҳбат қилдик. Охирги бир ой давомида Илҳом ака “Темур тузуклари” ҳамда “Алпомиш” достонини ўқиб чиқибди. Ўқиган китоблари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини ифода этди:
Амир Темур шахсини идрок этиш-тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш-ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш-тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.
Бу ҳақда гапирганда, Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илм-у фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дин-у диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Айнан мана шундай масалалар Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган «Темур тузуклари» асарида ҳар томонлама аниқ, ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилган, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шахсан мен Соҳибқирон бобомиз бизга мерос қилиб қолдирган «Тузуклар»ни ўқисам, худдики, ўзимга қандайдир катта руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ҳар бир сатри бир умр эл-юрт, салтанат ташвиши билан яшаган фидойи инсон, улкан давлат арбобининг кенг миқёсдаги ўй-фикрлари, ҳаёт ва кураш тажрибаси, мушоҳадаси, баъзан эса дардли ва изтиробли кечинмалари билан суғорилган бу асарда қандай теран маъно мужассам эканини маърифатли, зукко китобхон яхши англайди, албатта. Мен ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган ҳаёт ҳикматларининг қанчалик тўғри эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Масалан, «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхширокдир», деган фикрлар бугунги кунда ҳам нақадар долзарб экани барчамизга аён.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Алпомиш” достони бизга ватанпарварлик фазилатларидан сабоқ беради. Одил ва ҳақгўй бўлишга, ўз юртимизни, оиламиз қўрғонини қўриқлашга, дўст-у ёримизни, ор-номусимизни, ота-боболаримизнинг муқаддас мозорларини ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилишга ўргатади” , – деган эди. Бу фикрда достоннинг моҳияти, ғояси, бадиияти, миллатимиз тарихида тутган ўрни мужассам этилган. Достонни ўқиш жараёнида Ҳакимбекнинг Барчинни қалмоқлар юртидан олиб келиш лавҳаси жуда таъсирчан ифодаланади. Ғаройиб саргузаштлар, қалмоқлар билан тўқнашув, бош қаҳрамоннинг жасоратлари. Шулар асосида ватанпарварлик, эл-у юрт манфаатлари учун кураш ғояси илгари сурилади. Бу эса асарга миллий эпос мақомини беради. Хулоса ҳам ибратли: Ватанга муҳаббат – шахсий манфаатлардан устун!
Зеро, халқ ижодиёти, илм-фан қанчалик ривожланмасин, доимо булоқ сувидек покиза ва ҳаётбахшлиги билан инсон қалбини гўзал туйғулар билан суғориб бораверади. Шундай экан, Президентимиз таъбири билан айтганда, агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугундан барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келажак авлодлар, тарих бизни кечирмайди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА
тайёрлади