ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ АҲОЛИГА ЕТКАЗИЛМОҚДА

Туман марказий маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасининг асосий моҳиятини халққа етказиш мақсадида “Янги марралар, якдил қадамлар” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Долзарб мавзудаги тадбирда партия фаоллари, туман ҳокимлиги вакиллари, Ёшлар иттифоқи, ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла раислари, ўринбосарлари, умумий ўрта таълим мактаблари директорлари, ўқитувчилар қатнашди. Халқ депутатлари Қумқўрғон туман кенгаши раиси ўринбосари Ч. Қултаев кириш сўзи айтиб, маърузачиларни навбатма-навбат минбарга таклиф қилди.

Тошкент Давлат Педагогика университетининг катта ўқитувчиси Н. Қолқонов маъруза қилди. Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халққа мурожаатномаси мамлакатимизда амалга ошириладиган ишларни кўрсатди. Давлат ва жамият биргаликда ва бирдамликда ислоҳотларни амалга оширади. Мурожаатномада 41 та соҳа қамраб олинди. 150 дан ортиқ фикрлар ва ғоялар, 42 та устувор вазифалар белгилаб олинди. Маърузачи бу муҳим ишларни якдиллик билан бажариб, янги марраларни қўлга киритишни тушунтирди. Тарих фанлар доктори, вилоят кенгаши депутати Ш. Шайдуллаев ўз маърузасида мамлакатни ривожлантириш ғояси ифодаланган мурожаатномага асосан Давлат бошқарув тизимидаги янгиликлар, маҳалла бошқарув тизимига эътиборнинг ошиши, маҳалла фаолларининг нутқи, кийиниши, ривожланган мамлакатлардаги маҳаллалар фаолияти, коррупцияга қарши кураш ҳақида атрофлича гапирди. Психология фанлари номзоди Б. Норбошева ижтимоий соҳаларга кўп маблағ ажратилганлиги, бундан келиб чиқадиган вазифалар, таълим соҳасини ривожлантиришга давлат томонидан эътибор қаратилаётганлиги, бунга жавобан ҳар бир ўқитувчи ёш авлодга пухта таълим-тарбия ўргатиши зарурлиги, олий таълим муассасаларига қабул қилиш қамрови ошаётганлиги, Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбиядан бошланиши ҳақидаги ғоя изчил амалга оширилса мақсадга эришилишини таъкидлади. Биология фанлари номзоди Д. Қодирова хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш мавзусида маъруза қилиб, виза режими, 15 йил Ўзбекистонда яшаган фуқароларга паспорт берилиши, энг катта бойлигимиз тинчлик, хавфсизлик, миллатларнинг тотувлиги, диний ишларга эътибор қаратилганлиги туфайли эришилаётган ижобий натижалар ҳақида мулоҳазаларини билдирди. Термиз Давлат университетининг катта ўқитувчиси Б. Турдибоев сўзга чиқиб иқтисодиётни эркинлаштириш, камбағалликни тугатиш учун ишлаб чиқаришни кучайтириш, пул даромадларини ошириш, бозор иқтисодиёти тамойилига мос равишда макро ва микро иқтисодиётни тараққий эттириш зарурлигини уқтирди. Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, Аргобанк, Халқ банки, Микрокредитбанкка маблағ ажратилиши, ҳар бир оилани тадбиркор деб билиб, келажагимиз бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланганлиги ҳақида мамнунлик билан гапирди. Тарих фанлар доктори С. Турсунов суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида тушунчаларга тўхталиб, қонунни билган ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши каби ҳаётий тажрибаларни атрофлича тушунтирди. Шеърлар айтиб, уларнинг мазмунидаги фойдали жиҳатларга эътиборни жалб этди. Тадбир давомида видеокўрсатув намойиш этилди.

Н. МУҲАММАДИЕВ