Туманимиздаги 14-сонли айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8 синф ўқувчиси Суннатулло Нормуродов дарсдан бўш вақтида туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида анъанавий ушу ва ЖИУ-ЖИСТУ спорт турлари билан шуғулланаяпти. Ўзбекистон Анъанавий ушу ассоцацияси Сурхондарё вилоят бўлими раиси ва Ўзбекистон ЖИУ-ЖИСТУ федерацияси Сурхондарё вилоят бўлими раиси Эркин Йўлдошев ва тренер Мустафо Қўламатов мураббийлигида бир неча йилдирки спорт усулларини ўрганиб, мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллади. С. Нормуродов 2019 йилда Шарқ жангчиси Республика очиқ турнирида -45 килограмм вазн тоифасида қатнашиб Файтинг йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни эгаллади.
Ёш, умидли спортчи 2020 йилда Республика миқёсида қўш муваффақиятга эришди. 20-23 ноябрда ЖИТ-ЖИТСУ “БУХАРО ОПЕН” бўйича очиқ турнирда ўсмирлар гуруҳида 55 килограмм вазн тоифасида қувонарли ютуққа эришди. Фахрли 2-ўриндан жой олгани учун кумуш медаль ва диплом билан тақдирланди. Бу мусобақадан кўп ўтмай, 28-29 ноябрда Қарши шаҳрида Анъанавий ушу спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида 14-15 ёшлилар ўртасида совриндор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бу спортчини фахрли ўринни эгаллагани учун бронза медаль ва III-даражали диплом билан мукофотлади.
Н. МУҲАММАДИЕВ